UFC'дан кетган Муродов, 30 минг доллар “соққа қилган” олимпиячилар – Спорт дайжести
Спорт
−
12 Май
6490Бугун UFC’дан кетган Маҳмуд Муродов, Олимпидага чиқиб 30 минг доллар ишлаб олган футболчилар ва тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида иштирок этиши эҳтимоли ошган Элдор Шомуродов ҳақида гаплашамиз.
Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести биз бошладик.
Футзал: Ўзбекистон FIFA рейтингида 11-ўринни эгаллади
Халқаро футбол ассоциацияси (FIFA) футзал терма жамоаларининг янгиланган рейтингини эълон қилди. Янги жадвалда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 11-ўринда қайд этилди.
Ҳозирда Хосе Венансио Лопес мураббийлигидаги Ўзбекистон жамоаси 1288,96 очкога эга. Бу борада ўзбекистонлик футзалчилар Осиё жамоалари орасида 3-ўринни банд этган.
FIFA рейтингида фақатгина Таиланд ва Эрон Ўзбекистондан яхшироқ поғоналарда жойлашган. Таиландликлар 1316,27 очко билан 9-ўринни эгаллаган бўлса, 1469,33 кўрсаткич билан Эрон 4-ўринда қайд этилган.
Рейтингни 1568,41 очко билан Бразилия терма жамоаси бошқармоқда. Кучли учликка Португалия ва Испания жамоалари киритилган.
Олимпиадага чиққан футболчиларга қанча мукофот пули берилиши маълум бўлди
Ўзбекистон футболи тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган футболчиларга 30 минг АҚШ доллари пул мукофоти берилади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Ўзбекистон тарихида жамоавий спорт турлари бўйича биринчи Олимпиада лицензиясига эга чиқди.
Ўзбекистонлик футболчилар Олимпиададаги юришини 24 июль куни бошлайди. Ўша куни Париждаги муҳташам “Парк де Пренс” стадионида оқ бўриларга Испания Олимпия терма жамоаси рақиблик қилади. Гуруҳ босқичида Ўзбекистон Испаниядан ташқари Миср ва Доминикан жамоалари билан баҳс олиб боради.
Аббосбек Файзуллаев Олимпиадада қатнашадими?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг Россия чемпионати 22-туридан ўрин олган “Рубин”га қарши ўйинидан сўнг журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб берди.
Жумладан, Файзуллаев шу йил ёзда Франция пойтахти Парижда ўтказиладиган Олимпиадада иштирок этиш-этмаслиги билан боғлиқ саволга жавоб берди.
“Биз бу масалани ҳали муҳокама қилмадик. Ҳозир эътиборимни ЦСКАга қаратганман. Биз кубокни ютмоқчимиз ва “Зенит”ни мағлуб эта оламиз. Кубокми ёки чемпионликми фарқи йўқ. Финалга чиқиш жуда муҳим, бироқ чемпионлик ҳам аҳамиятли”, дейди Файзуллаев.
Қайд этиш жоиз, ЦСКА-“Рубин” ўйини 2:2 ҳисобида якунланди. Эътиборлиси, Файзуллаев армиячиларнинг баҳсдаги биринчи голини киритди.
Маълумот учун, жорий мавсум 20 ёшли Файзуллаев ЦСКА сафида 28 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 11 та голли узатмани амалга оширди.
Элдор Шомуродов Олимпиадада иштирок этадими?
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва Италиянинг Каляри клуби аъзоси Элдор Шомуродов ёзда Франция пойтахти Парижда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида қатнашиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
“Олимпиада бошланишига яқин қолганда таркибга қайси ёши катта футболчиларни жалб қилишимиз маълум бўлади. Ҳар бир мураббий жамоаси сафида Элдор Шомуродовдек футболчи бўлишини хоҳлайди. Буёғини бевосита раҳбарият ва футболчиларнинг ўзи билан маслаҳатлашиб ҳал қиламиз”, дейди Кападзе.
Шунингдек Кападзе Аббосбек Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов, Ҳожимат Эркинов, Умарали Раҳмоналиев ва Иброҳимҳалил Йўлдошев каби легионерлар катта эҳтимол билан шу йили ёзда Парижда ўтказиладиган Олимпиада ўйинларида иштирок этишини билдирди.
“Умид қиламанки, легионерларни таркибга жалб қилишда муаммоларга дуч келмаймиз, боз устига клублар учун мавсум якунланган бўлади. Олимпиада вақтида қайси футболчи қандай формада бўлишига ҳам алоҳида эътибор берамиз. FIFA кунларида ўртоқлик ўйинларида иштирок этишни режа қиляпмиз. Шунингдек, Олимпиадага яқин қолганда ҳам йиғин ўтказиб, назорат ўйинларида қатнашамиз”, дейди Кападзе.
Маҳмуд Муродовнинг UFC'дан кетиши сабаблари очиқланди
Ўзбекистонлик собиқ UFC жангчиси Маҳмуд Муродов охирги жангларини бекор қилгани боис ташкилотдан четлатилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълум бўлишича, промоушен томонидан Муродовга бериладиган гонорар ташкилотнинг кўп йиллик аъзоларига ва машҳур жангчиларга тўланади. Охирги пайтларда Муродов машҳурроқ жангчиларга қарши баҳсларни турли сабабларга кўра бекор қилавергани боис, ташкилот уни аъзоликдан четлатган, бироқ Муродов промоушенда яхшигина номга эга бўлгани учун кейинчалик UFC уни яна ўз жангчилари қаторига қўшиши мумкин.
Қайд этилишича, Муродов кейинчалик яна UFC'га қабул қилинса, унинг гонорари ҳозиргидай мўмайгина бўлмаслиги эҳтимоли юқори, чунки ташкилот унга дастлаб номдор спортчиларга қарши жанг бермаслиги мумкин.
Маълумот учун, 34 ёшли Маҳмуд Муродов 2019 йилда UFC'га қўшилган. У ташкилотда жами 7 та жанг ўтказиб, тўқнашувлардан 4 тасида ғалаба қозонган, 2 та баҳсда эса имкониятни бой берган. Муродов иштирокидаги 1 та жанг эса ўтказилмаган, деб қайд этилган.
Париж-2024 Олимпиадасининг очилиш маросими ўтказиладиган манзил ўзгариши мумкин
Париж мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими тарихда биринчи бўлиб стадионда ўтказилмайди. Франция пойтахтидаги маросимда иштирокчи спортчиларнинг Сена дарёси бўйлаб қайиқларда сузиб юриши ва уларни қирғоқлардаги 300 минг томошабин томоша қилиши режалаштирилмоқда, бироқ Олимпиада ўйинларининг очилиш кечасида 45 мингга яқин полициячи сафарбар этилишига қарамай, хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар пайдо бўлмоқда.
Олимпиада ташкилотчиларидан ўз режаларидан воз кечиб, очилишни анъанавий тарзда ўтказиш сўралган. Баъзи Олимпия қўмиталари эса ўз спортчиларини хавфсизлик нуқтаи назаридан очилиш маросимига боришдан бош тортишга чақирмоқда.
Франция ҳукумати террорга қарши огоҳлантириш даражасини март ойида Москвадаги концерт залида содир этилган терактдан кейинги энг юқори даражага кўтарди. Ўшандан бери террор гуруҳлар футбол бўйича Европа Чемпионлар лигаси чорак финали ўйинларида, жумладан Парижда терактлар уюштириш билан таҳдид қилди.
Қайд этилишича, Олимпиада ташкилотчилари очилиш маросимини пойтахтда жойлашган Франциянинг энг йирик аренаси – “Стад де Франс”га кўчириши мумкин.
Ташкилотчилар ва Халқаро Олимпия қўмитасининг қарори ҳозирча номаълум.
Отабек Умаров Геннадий Головкин билан учрашди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, Осиё Олимпия кенгаши (ООК) вице-президенти Отабек Умаров машҳур боксчи, ҳозирда Қозоғистон Олимпия қўмитаси раҳбари Геннадий Головкин билан кўришди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон делегацияси ООК Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Бангкок шаҳрига етиб борди. Тадбир арафасида расмийлар билан бир қатор учрашувлар ташкил этилди.
Қозоғистон томони билан учрашувларда Ўзбекистон ва Қозоғистон Миллий Олимпия қўмиталарининг бош котиблари Ойбек Қосимов ҳамда Жанар Утешова ҳам қатнашди.
Геннадий Головкин ООК вице-президентини футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олгани билан қутлаб, бўлажак мусобақада ҳам омад тилади. Ўз ўрнида, Отабек Умаров Головкинни янги лавозимга сайлангани билан муборакбод этиб, раҳбарлик соҳасида ҳам улкан муваффақиятларга эришишини тилади. Шунингдек, уни Ўзбекистонга таклиф этди ва ҳамкорликда ишлашдан мамнун бўлишини билдирди.
Мбаппе ПСЖдан кетишини тасдиқлади
ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе “Парк де Пренс” стадиони ҳудудида ташкил этилган тадбирга келиб, Париж клуби мухлислари билан хайрлашди ва жамоадан кетишини тасдиқлади.
“Мен сизларга раҳмат айтмоқчиман. Бу ҳали якун эмас, чунки Франция кубоги финали яқинлашмоқда. Мен ва оилам учун қилган барча ишларингиз учун сизга раҳмат айтишим керак. Футболчи сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам анча ўсдим. Клубнинг бир қисми бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Мен етти йил давомида ҳар бир дақиқадан завқландим. Ким билади, балки бир кун келиб яна кўришармиз”, дейди Мбаппе.
Қайд этилишича, 25 ёшли Килиан “қироллик клуби”да 9-рақам остида тўп тепади. У “Реал” билан 2029 йилгача шартнома имзолайди.
Маълумот учун, Мбаппе жорий мавсум Франция чемпионатида 28 та ўйинда майдонга тушиб, 26 та гол урди ва 7 голли узатмани амалга оширди. “Transfermarkt”га кўра, футболчининг қиймати 180 миллион еврони ташкил этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь