Учтепада яна депутатлар ва ҳоким тўқнашуви. Депутат ҳокимни депутатлар ва қонунларга “тупуриш”да айбламоқда

Жамият

image

Аввалроқ, Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати, ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Нуриддин Зайнитдинов босимлар ортидан сиёсий фаолиятини тўхтатиш ва партия сафидан чиқиб кетишга қарор қилгани ҳақида хабар берган эдик. Кеча, 16 февраль куни депутат яна бир эътироз билан чиқди. Унга кўра, Учтепа тумани ҳокими ўзбошимчалик қилиб, Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши сессияси қарорига зид қарор қабул қилган ва қонун бузилишига йўл қўйган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 февраль куни Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг II-чақириқ қирқ тўққизинчи сессияси бўлиб ўтган. Сессияда кун тартиби бўйича Учтепа туман 109-сонли умумий ўрта таълим мактаб директори лавозимига лойиқ номзодни тайинлаш тўғрисида масала юзасидан таклиф этилган икки номзоддан ҳеч бирининг 3 йиллик дастури ва ўз дастурини ёқлашидан келиб чиқиб лавозимига лойиқ деб топилмаган ва халқ таълими бошқармаси томонидан келгуси сессияга бошқа номзодлар берилиши юзасидан қарор қабул қилинган.

Шунингдек депутатлар томонидан туман ҳокимилиги таклифлари билан туман маҳаллий бюджетининг 2022 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан туман ҳокимлигида ишловчи ҳодимларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мебел жиҳозлари хариди учун 884 миллион сўм, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5515-сонли Фармонига мувофиқ туман ҳокимлиги, туман молия бўлими, туман ғазначилик бўлинмаси, туман Халқ депутатлари кенгаши котибияти ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ходимларининг 2021 йил декабрь ва 2022 йилнинг январь, февраль ойлари учун  лавозим маошларига устама хақ белгилаш харажатлари учун 1,2 миллиард сўм, сейф хариди ва бошқа асоссиз харажатлар бўйича таклифлари жиддий эътирозларни келтириб чиқарган ва рад қилиниши сўралган.

Сессияни С.Ҳ.Имамов олиб борган.

Юқоридагиларга қарамасдан, Учтепа тумани ҳокими сессияга раислик қилмаган ва сессия ишида иштирок этмаса-да, ўзбошимчалик билан сессия қарорларини чиқартириб, Учтепа тумани ҳокимининг электрон рақамли имзоси билан имзолаб, туман Кенгаши қарорларини чиқарган.

Депутутнинг маълум қилишича, Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгашининг 11.02.2022 йилдаги II-49-5-14-202-K/22 сонли қарори Учтепа туман ҳокими Ф.Р.Абдуллаевнинг электрон имзоси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, кeлишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона элeктрон тизимига юкланган. Туман ҳокимимнинг бу хатти-ҳаракатлари, туман Кенгаши Регламенти талабалари ва қонунчилик нормалари бузилишига олиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 126-моддасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг, Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалардан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилиниши белгиланган.

“Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Халқ вакилларини фикри, яъни халқ овози билан Учтепа тумани ҳокими ҳисоблашмайдими? Ёки депутатларни қонун билан белгиланган фаолияти кафолатларини била туриб, қўпол равишда бузмоқдами? Сессияга раислик қилувчи С.Имамов имзоламаган 49-сессия қарорлари қанчалик қонуний? 109-сонли умумий ўрта таълим мактаб директори лавозимига номзод Гулчирой Фозилжоновна Имомалиева туман Кенгаши томонидан учинчи маротаба директор лавозимига лойиқ эмас деб қайтарилишига қарамасдан, шу номзодни шахсан туман ҳокими дастаги билан, депутатлар фикрига зид равишда, директор этиб тайинланиши кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда”, дея ҳақли саволларни қўйган депутат.

 

Учтепа тумани ҳокимининг Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши раиси сифатида ўзбошимчалик қилишга ҳаққи борми? Ахир, қонун бор, Кенгаш Регламенти бор.

“Бундай ҳаракатлар шармандалик, орсизлик ва халқ вакилларига тупуриб қўйишдир!”, деб ёзади Зайнитдинов.

Айни вазиятда Нуриддин Зайнитдинов билдирган ҳолатдан келиб чиқиб, партиядоши – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳам бир қанча саволни ўртага ташлади.

“Савол: депутатларнинг қарори тан олинмаса, ҳаммаси ҳоким томонидан ҳал этилса, депутат ўзи нега керак? Сайловчи? Кўряпсизми, бир шахс қўлида ваколатларнинг йиғилиб қолиши нималарга олиб келади: қонунсизликка, кейин эса “Фиръавнлашувга”, дейди Кушербоев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

356

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made