Учта янги ҳолат бўйича жиноий жавобгарлик жорий қилинмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон жиноят кодексига маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларнинг ноқонуний айланмасини олдини олиш бўйича тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида янги жиноий жавобгарлик нормалари киритилади. Бу ҳақда “Маданий бойликлар ноқонуний айланмасига қарши курашиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси белгиланмоқда.

Лойиҳа билан Жиноят кодексига қуйидаги ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик киритилмоқда:

•    моддий маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтиш; 

•    алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки маданий аҳамиятига эга бўлган ашёлар ва ҳужжатларни талон-торож қилиш (усулидан қатъи назар);

•    Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар халқларининг бадиий, тарихий ва археологик мероси ашёларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтармаслик.

Лойиҳа шарҳида келтирилишича, республика музейларида 2,5 млндан ортиқ моддий маданий мерос объекти ҳисобланган ашёлар ва коллекциялар сақланиб, уларнинг атиги 5 фоизигина экспозицияларга қўйилган. Таҳлилларга кўра, сўнгги 30 йил ичида 14 та давлат музейидан 5 мингдан ортиқ маданий қимматга эга бўлган бойликлар йўқотилган.

Сўнгги бир йил давомида музейларда музей ашёлари ва коллекциялари қалбакилаштирилиши, ўғирланиши ва бошқа тарзда талон-торож қилиниши билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқланган.

Шу муносабат билан, бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида алоҳида қимматга эга бўлган ашёларни талон-торож қилганлик учун алоҳида жавобгарлик чорасини белгилаш ва уларни содир этганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Шунга асосан, Жиноят кодексини 169-1-моддаси билан тўлдирилиб, ушбу жиноят бўйича субъект ёшини 14 ёш этиб белгилаш таклиф этилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг