Учқудуқ туман ҳокимлиги мансабдорларига жиноят иши қўзгатилди
3-саҳифа
−
05 Март 2022
11260Навоий вилояти Учқудуқ туман ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Улар 33 нафар фуқарога сохта ҳужжатлар расмийлаштириб бериб, улардан 25 нафарини олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида киришига сабабчи бўлган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълумки, Президент қарорига мувофиқ, олис чўл ҳудудида камида уч йилдан ортиқ яшаган шахслар олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қабул қилиниши белгиланган.
Қайд этилишича, Учқудуқ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва бошқалар чўл ҳудудида жойлашган “Йўлчилар”, “Кўкпатас” ва “Кўкаяз” МФЙларида уч йил давомида яшамаган 33 нафар шахсга уларнинг ушбу муддатда қайд этилган маҳаллаларда яшаганлиги тўғрисида сохта далолатномалар расмийлаштириб бериб, шундан 25 нафарини олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга киришига сабабчи бўлган.
Натижада давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказилган. Шунингдек, ушбу талабаларнинг грант асосида ўқиши учун амалда 650 млн сўм бюджет маблағларининг сарфланишига сабабчи бўлиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
“Агентлик томонидан мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда прокуратура идоралари ўтказган қўшимча ўрганишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураcи томонидан Учқудуқ туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь