Twitter Илон Маскни судга берди

Олам 4582
image

Twitter америкалик бизнесмен Илон Маскни ижтимоий тармоқни сотиб олмаслик қарори туфайли судга берди. Кеча, 12 июль куни Twitter вакиллари АҚШнинг Делавер штати судига юборган ҳужжатлардан маълум бўлишича, компания Маск сотиб олиш шартномаси шартларини бажаришига эришмоқчи.

“Маскнинг хатти-ҳаракати унинг ўзи ихтиёрий равишда имзолаган мажбурий шартномадан қочишга интилаётганини ва бу жараёнда Twitter’га зарар етказмоқчи эканлигини яққол тасдиқлайди. Twitter айбланувчининг қонунбузарликлари натижасида тузатиб бўлмайдиган зарар кўрди ва бундан кейин ҳам азоб чекади”, дея суд даъвосидан иқтибос келтирган AFP.

Энди суд Маскга сотиб олиш шартномасини бекор қилишга рухсат бериладими ёки йўқлигини ҳал қилади. Шартнома шартларига кўра, томонлардан бири ундан воз кечса, бир миллиард долларгача жарима кўзда тутилган. Компания суддан тўрт кунлик суд жараёнини сентябрь ойининг ўрталарига белгилашни сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июль куни бугунги кунда сайёранинг энг бадавлат одами ҳисобланган Илон Маск худди шу номдаги ижтимоий тармоққа эгалик қилувчи Twitter'ни сотиб олиш бўйича келишувни бекор қилаётганини маълум қилганди. Бироқ, унинг таъкидлашича, компания шартноманинг кўплаб қоидаларини жиддий равишда бузган. Хусусан, Маскнинг сўзларига кўра, сохта ва спамли Twitter аккаунтларининг ҳақиқий сони ижтимоий тармоқ кўрсатган "беш фоиздан"дан сезиларли даражада кўп.

8 июль куни Twitter раҳбари Брет Тейлор компания ҳали ҳам “Маск билан келишилган нарх ва шартлар бўйича” битимни ёпиш ниятида эканлигини ва келишувни амалга ошириш учун қонуний чоралар кўришни режалаштираётганини маълум қилди. 

“Биз Делавер судида ғалаба қозонишимизга аминмиз”, деб ёзган Тейлор Twitter’да.

Маск ўзининг Twitter аккаунтида истеҳзоли мем жойлаштириб, Тейлорга жавоб берди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 113
Рейтинг: 2.9
t
×