Тўйида калтак еган келин куёвни кечириб, у билан яшашда давом этмоқда – Сенат
Жамият
−
17 Июнь 2022
18612Тўй куни турмуш ўртоғидан мушт еган келин, куёв билан ярашиб, ҳаётини давом эттирмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ҳолатга нисбатан билдирган муносабатида сўз боради.
Қайд этилишича, Сенатнинг Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 6 июнь куни Сурхондарё вилояти Узун туманидаги тўйда содир бўлган ҳолат бўйича ўрганиш олиб борган.
“Воқеа юз берганидан кейин маҳалладаги отахон ва онахонлар, келин-куёвнинг яқинлари иштирокида воқеа муҳокама этилиб, куёвнинг қилмиши нотўғри бўлгани танқид қилинган. Йигит қилмишидан пушаймон эканлигини айтиб, келиндан кечирим сўраган. Шу куннинг ўзида келин-куёв ярашиб кетган, ҳозирги пайтда улар бирга истиқомат қилмоқда”, дейилади Сенат берган хабарда.
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сенатда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари юзасидан Ишчи гуруҳ ташкил этилган.
Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат ушбу Ишчи гуруҳ томонидан хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган ножўя ҳаракатларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама этиб борилади.
Айни кунларда Ишчи гуруҳ томонидан соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, шу жумладан, жазо чораларини кучайтириш юзасидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини, олимлар ва мутахассислар, ёшлар фикрлари ўрганилиб, таклифлар йиғилмоқда.
“Олий Мажлис Сенати Хотин қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аёлларга, қизларга бўлаётган бундай зўравонлик ҳолатларини кескин қоралайди ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик, зўравонлик қилаётган шахсларга кескин чоралар кўриш бўйича иш олиб боришни мақсад қилиб қўйди.
Шу билан бирга, “Ёшларни мустақил ҳаётга, оилага тайёрлашда ёш авлод онгига “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” ғояларини сингдириб бориш, никоҳланувчиларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш энг муҳим масалалардан эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Шунингдек, никоҳланувчи ёшларга оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш мақсадида тўйга қадар уларни бир-бирларининг феъл-атворлари, дунёқараши ва фикрлашларини янада яхшироқ билишлари учун Оила марказлари машғулотлари, давра суҳбатлари, савол-жавоб кечаларига биргаликда жалб этиш йўлга қўйилади”, дейилади Сенат ахборотида.
LiveБарчаси