Тўй бўлсин-а, тўй бўлсин

Таҳлил

image

Ишхонамизда илгари ишлаб кетган йигит яқинда келиб, салом-аликдан кейин тўйига айтгани келганини билдириб, тўй таклифномасини қўлимга тутқазиб кетди. Ҳа, энди ўзбекнинг қувончи тўй билан-да. 

Нафис қоғозда ишланган таклифномада тўйга таклиф этилишдан бошқа кўз илғамас гап борлигини бирдан англаб бўлмайди. Кибор ва ҳашаматга ўчлик. Бундай таклифномаларнинг тури жудаям кўп. Лекин гап тўй таклифномасида эмас, дабдабаси билан маҳаллани, мамлакатни маҳв этаётган тўйларнинг ўзи ҳақида бормоқда. Икки ёшнинг турмуш қураётганининг белгиси бўлган тўй маросими ўтказиб келинади. Ўтмишда аждодларимиз ҳам бу маросимга бефарқ бўлмаганини ёзма манбалар тасдиқлаб турибди. Аммо ўша даврдаги тўйлар халқнинг табақалашувига қараб ўтказилган экан. Содда қилиб айтганда, бойнинг тўйи, камбағалнинг тўйи деган тушунча бўлган. 

XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларига келиб, мустамлака ўлкага айланган бугунги Ўзбекистон ҳудудида тўйларни ўтказишда мустамлакачи миллатнинг ҳамда маҳаллий зодагон халқ вакилларининг анъаналари қоришиб, дабдабабозлик ва исрофгарчиликларга бой бўлган тўйларни ўтказиш урфга кирди. 

Ўша даврда яшаб ўтган миллатнинг жонкуяр фарзанди Маҳмудхўжа Беҳбудий тўйларга нисбатан шундай таъриф берган эди: “Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, сил-ар-ия ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз — туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилгон ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман."

Дарҳақиқат миллат маърифатпарварнинг куюнчаклик билан айтган бу сўзлари 100 йил ўтиб ҳам долзарблигини йўқотмади. Бугун мен сендан кам эмасман деб, тўйни кимўзар пойгага айлантираётганлар икки ёшнинг бошини қовуштириш баҳона атрофдагиларга ўзининг молу давлатини кўз-кўз қилмоқчи бўлаётгандек гуё. 

Афсуски, кўча-кўйда тўй қиламан деб қарз бўлиб қолган, анча вақтгача рўзғори қийин аҳволда тебратаётган ҳақида эшитиш янгилик эмас. Баъзан ўйлаб қоласан киши, одамзод наҳот ўзи ўйлаб топган мантиқсиз “қонун-қоидалар”га, урф-одат деб аталмиш кераксиз сарф-харажатларга шунчалик тобе бўлса? 

Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда бир йилда ўртача 300 минг атрофида тўйлар ўтказилар экан, уларнинг умумий сарф-ҳаражати қарийб 3 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу қай бир давлатнинг бюджети дегани. Айнан мана шу харажатларнинг тахминан 20 фоизи давлат ғазнасига солиқлар орқали тушар экан. 

Биз тўй ўтказишгача бўлган маросимлардаги харажатларни бу ерда ҳисоб-китоб қилмадик. Аммо мамлакат ҳудудларида тўй ўтказишгача бўлган маросимлар ҳам ортиқча эканини пайқайсан киши. Масалан пойтахтнинг ўзида тўйга қадар “совға бериш”, “оқ ўрар”, “фотиҳа”, “тўй юборар” маросимлари ўтказиш “анъана”га айланган бўлса, тўйдан кейин “келин салом”, “қовурдоқ”, “чаллари”, “ҳафталик”, “чорлов” билан давом этади.
 
Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам “келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” каби “удумлар” ўтказилади. Бундан ташқари, Фарғона водийсида тўйдан сўнг қиз узатган хонадон куёв томонга 40 кун турли егуликлар юборади. Андижонда буни “мазар” дейишади. Хоразмда эса, “қиз йиғин”, “хина ёқар” деган кераксиз маросимлар бор. 

Яна бир жиҳат борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Афсуски, тўй бўлган жойда қачондир аза ҳам бўлади. Сабаби иссиқ жонмиз, ҳеч ким дунёга устун бўлган эмас. Аза ва дафн этиш маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирлар ҳам миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Марҳумлар ҳурматига “етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” каби маросимларни ўтказиш муқаддас Ислом динида буюрилмаган. 

Умуман бугун тўй ва маросимларни тартибга солиш, ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижа бермаётганини, тарғиботлардан кейин эса, аҳоли қатламлари сарф-харажатни қисқартириш ўрнига бунинг аксини қилаёгани, гапнинг индаллосини айтганда, “кўрпага қараб оёқ узатилмаётгани”нинг гувоҳи бўламиз. Иш шу даражага бориб етдики, мазкур масала Давлат раҳбарининг ҳам эътиборини тортди. 

Эсингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 август куни мамлакатнинг ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда тўй-маъракалардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик ҳолатларини танқид қилган эди. 

“Жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп одамлар менга айтаяпти, Виртуал қабулхонага ёзяпти, “Тўй-маъракаларимизни бир тартибга солиб беринглар”, деб мурожаат қиляпти. Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто, асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз.

Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар 50га кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади”, деган Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг ўша йиғилишида тўй ва маросимлар ҳақида куюнчаклик билан айтган бу гапларида нечоғли аҳамиятли эканини ким ўзарга ўтказилаётган тўй ва маросимларимиз исботлаб турибди.  

Ўшанда давлат раҳбари Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати тўй ва маросимларни тартибга солишга оид қарор қабул қилишини айтди. 

2018 йилнинг 30 мартида Сенатнинг тавсиявий аҳамиятдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида Сенат Кенгашининг мажлисида “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарор билан комиссияларнинг намунавий низоми ва уларнинг таркиби ҳам тасдиқланди.

Аммо... Лекин... Бироқ...

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар тўйларни тартибга солиш бўйича таклиф этилган нормалар халқимизнинг миллий урф-одатлари, ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши борасида ягона, қатъий нормалар белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келди.

Хўш нима учун бундай хулосага келинди? Сенаторларнинг фикрича, оилавий тадбирларни миллий қадриятлар асосида, камхарж, дабдабалардан холи ўтказишни кенг жамоатчилик ва ҳар бир инсон онгли равишда англаб етиши лозим экан.

Агар буни кенг жамоатчилик англаб етсаю амалдор дегани фалончининг тўйхонасига бунинг зарари бор деб қолса-чи? Бунда нима бўлади? Албатта, манфаатлар тўқнаш келади. Лекин бир нарсани инкор қилиб бўлмайди. Амалдор дегани фақат амал эгаси эмас, амал қилади дегани ҳамдир. Бугун қасрмонанд қиёфадаги тўйхоналарда оддий аҳоли эмас, айнан пулдорлару амалдорлар ким ўзарга тўй ўтказаётганини ҳаммамиз яхши биламиз. Бунинг ортида эса, мен ҳам фалончидан кам бўлмаслигим керак, деб, қурби етса-етмаса катта тўй қилаётган оилаларни, тўйлардаги ўйлаб топилган айрим дабдабабозликлар айтайлик, love story’лар орқали никоҳи бекор бўлиб кетганлар ҳам бор. 

Бугун тўйхона эгаси – тадбиркор. Унинг қўл остида ўнлаб одамлар тирикчилик қиляпти. Тўйда қанча кўп одам бўлса, тўйхона эгаси шунча даромад қилади. Лекин тўй ўтказаётган тўйчининг ўзи ҳаёт фақат бир кунлик тўйдан иборат эмаслигини англаб етиши, тўйларни ихчамлаштирайлик деб туриб, ўзи гапига қарши бораётган, дабдабали тўй қилаётган амалдорлар ҳам ўйлаб кўриши керак.

Тўғри, тўйни ким қандай ўтказишини демократия билан боғлайдиган, инсон ҳуқуқларини пеш қиладиганлар ҳам топилади. Лекин бизга миллатнинг ва жамиятнинг онги емирилишига сабаб бўладиган бундай сохта демократия ва ҳуқуқларнинг кераги йўқ. 

Мақола ёзилаётган жараёнда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатидан хуш хабар келди. Унда айтилишча, тўйларни ихчамлаштириш бўйича қаор лойиҳаси Парламентнинг ҳар икки палатаси томонидан тасдиқдан ўтибди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

218

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг