Туттибулоқ ғоридан 48 минг йил аввал яшаган одамнинг излари топилди

Олам 15960
image

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Боралдай тоғида жойлашган Туттибулоқ ғорида олимлар бундан 48 минг йил аввал яшаган одамнинг изларини топди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда. 

“Биз Тюбинген университети олимлари, жумладан, Испания, Америка, Греция, Руминия ва республикамиз вакиллари билан Туттибулоқ ғорини ўрганмоқдамиз. Биз анчадан бери ишлаяпмиз. Ўтган йили бу ердан тарихий ёдгорликлар ва кул қолдиқлари топилган. Ғорнинг ичида ўчоқ ҳам бор эди. Ушбу кулни текшириш асосида лаборатория одамлар бу ерда 48 минг йил аввал яшаганлигини исботлади. Ҳали қазиш билан шуғулланмоқдамиз”, дейди Миллий фанлар академияси академиги, тарих фанлари доктори Жакен Таймаганбетов.

Қайд этилишича, 2017 йилда бошланган қидирув ишлари натижасида бу ерда айиқ ва одам тишлари, қирғич, ўзак тош каби турли буюмлар топилган. Экспонатлар орасида минг йиллар давомида ер остида ётган кул қолдиқлари ҳам бор.

“Экспедицияда тўртта асбоб топилди. Уларнинг ҳар бири хар ҳил хомашёдан тайёрланади. Кварс - Туттибулоқ дарёсидан топилган материал. Бу ғор яқинида бундай хомашё кўп эмас. Шунга қарамай, одамлар ўзларига керакли материални топиб, ундан асбоблар ясаган”, дейди тадқиқотчи-археолог Абай Наден.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Туттибулоқ Қозоғистонда бундай ёдгорликлар топилган биринчи ғордир. Бу жаҳон сенсацияси – қозоқ олимларининг катта ютуғидир. Топилган экспонатлар тахминан бир йил давомида ўрганилади. Уларнинг ёшини ва ўзига хос даврини аниқлаш керак.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 536
Рейтинг: 3
t
×