Тушкунликдан халос этувчи самарали восита

Фойдали

image

Иссиқ кунда муздеккина музқаймоқ танаввул қилиш танамизга роҳат бағишлаши билан бирга, кайфиятимизни ҳам кўтаради. Мутахассисларнинг таъкидлашича музқаймоқ стресс (руҳий зўриқиш)дан халос этувчи ажойиб егулик ҳисобланар экан. Шунинг учун бўлса керак кўпчилигимиз музқаймоқ ейишни ҳуш кўрамиз. 

Роҳатижон музқаймоқ таркибида организмда кечадиган моддалар алмашинуви жараёнларида муҳим бўлган аминокислоталар, ёғ кислоталари, 20 га яқин витаминлар, кўплаб минерал тузлар ва муҳим ферментлар бор. Шунинг учун у уйқусизликдан халос этади балки мияни озиқлантиради ҳам. Агарда у табиий сутдан тайёрланган бўлса шифобахш хусусияти жуда юқори бўлади. Музқаймоқнинг энг фойдали жиҳатларидан бири – бу организмимизга сут ўзининг энг фойдали компонентлари билан кириб боришидадир. 

Музқаймоқни оз-оздан истеъмол қилиб туриш нафас йўлларини совуқ ҳароратга ўргатиб боришга ёрдам беради. Бунинг натижасида эса томоқ оғриғига қарши иммунитет ҳосил бўлади. Музқаймоқ юқори калорияли маҳсулот бўлганлиги туфайли у очликни босадиган яхши озуқа ҳамдир. Тез-тез бурни қонаб турадиган беморларга ҳам музқаймоқ яхши самара беради. 

“Асалнинг ҳам ози ширин”, деганларидек музқаймоқни истеъмол қилишда ҳам бир нечта қарши кўрсатмалар мавжуд. Ангина (бодомча безлари яллиғланиши), сут маҳсулотларини ҳазм қилолмаслик каби хасталикка чалинган, фарингит, ортиқча вазн, сурункали ўткир гастрит муаммоларида музқаймоқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Тиш кариесида музқаймоқнинг салбий таъсири йўқ. Уни истеъмол қилганда оғиз бўшлиғини илиқ сув билан чайиш кифоя. 

Музқаймоқ таркибидаги тез сингадиган шакар қонда глюкоза миқдорини ошириб юборади. Шунинг учун қандли диабет хасталигига чалинган беморлар бундан ўзларини тийганлари айни муддао. Соғлом кишилар музқаймоқни истеъмол қилишда меъёрни билса мақсадга мувофиқ бўлади. 

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, музқаймоқни ҳафтада уч марта истеъмол қилиш мумкин. Шунингдек, ҳафта давомида тановул қилинган 150 грамм музқаймоқнинг ҳеч қандай ножўя таъсири бўлмайди. 

Музқаймоқни истеъмол қилишдан аввал унинг таркиби (ингридиенти) ҳамда қоғоз ўрамига эътибор бериш лозим. Кўпгина парҳезшунос – диетологлар қулупнай, лимон ва бошқа турдаги мевали музқаймоқларни кўп истеъмол қилмасликни тавсия этишмоқда. Зеро, унинг таркибида сунъий қўшимчалар ва мевали эссенция мавжуд. Музқаймоқни мунтазам истеъмол қилиш бош оғриғига ҳам сабабчи бўлиши мумкин. 

Олимларнинг таъкидлашича, музқаймоқни шошиб истеъмол қилиш тана ҳароратини тезда туширади. Қон томирларни торайтиради. Натижада мияга қон кам миқдорда етиб боради. Бу эса бош оғриғига сабабчи бўлади.

Музқаймоқ уч ёшдан кичик болаларга берилмагани маъқул. Сабаби бола организми қаймоқли ва ёғли десертни ҳазм қилишда қийналади. Турли аллергик таъсирлардан сақланиш учун болаларга қаймоқли музқаймоқ маъқул. 

Шифокорларнинг тавсиясига кўра музқаймоқни кечки овқатдан ярим соат олдин ёки тушликда берган маъқул. Қандли диабет билан оғриган, аллергик касалликка чалинган, семизликка мойил, лор(томоқ, қулоқ, бурун соҳаси) хасталиклари билан оғриган болаларга музқаймоқ ейиш тавсия этилмайди.

Зарнигор Абдумаликова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг