Тўрт йилда гемотологик касалликларга чалинганлар 10 фоизга ошган – Йўлдошев
Жамият
−
26 Декабрь 2019
5786Ўзбекистонда сўнгги тўрт йилда гемотологик касалликларга чалинганлар 10 фоизга ошган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг кеча, 25 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишидаги нутқида айтилган.
“Сўнгги тўрт йилда гематологик касалликка чалинган беморлар сони республикада 10 фоизга ортган бўлса-да, бу йўналишдаги шифокор штатлари ва бемор ўринларини кўпайтириш чоралари кўрилмаган.
Бундай беморлар учун ордерлар сони ҳам чекланган бўлиб, Самарқанд, Наманган ва Навоий вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда ўринлар пуллик бўлиб, бепул даволаниш имконияти мавжуд эмас”, дейди Бош прокурор.
Йиғилишда такъидланишича, республикада ягона бўлган – Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтига бепул даволаниш учун бир ойда 323 та ордер берилса-да, амалда 544 нафар бемор қабул қилинмоқда ва ўринлар етишмаслиги туфайли беморлар 3 кундан 6 кунгача навбат кутишга мажбур бўлмоқда.
Институт поликлиникаси бир йилда 40 минг нафар беморни қабул қилишга ихтисослашган бўлса-да, 2018 йилда 68.152 нафар (шундан 30.704 нафари болалар) ёки қувватига нисбатан 70 фоизга кўп бемор қабул қилинган.
Бу эса, ўз навбатида, даволаш ишлари сифатига салбий таъсир кўрсатиб, ўринлар камлиги туфайли беморларнинг шифохонага кеч келтирилиши оқибатида сўнгги тўрт йилда 63 та суткалик ўлим ҳолатларига сабаб бўлган.
“Эътибор беринг! Йилдан-йилга аҳоли ва қон касалликларига чалинганлар сони ортиб бораётган бир пайтда, гематология соҳасидаги штат нормативлари ҳанузгача вазирликнинг маънан эскирган ва бугунги талабларга жавоб бермайдиган, 1995 йилги 354-сонли буйруғига асосан тартибга солинмоқда. Бунинг оқибатида туман-шаҳар тиббиёт бирлашмаларида гематолог штати умуман назарда тутилмаган. Институт клиникаcининг цитостатик дори воситалари билан таъминланиш даражаси пастлиги (40%) оқибатида бу касалликлардан тузалиш кўрсаткичи ўртача 40-50 фоизни ташкил қилаётганлиги ўта ташвишлидир.
Ваҳоланки, бу касалликлардан тузалиш кўрсаткичи ривожланган давлатларда 70-80 фоизни ташкил этади”, дейди Бош прокурор ўз нутқида.
Йиғилишда юқоридаги хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ва Бош прокурор томонидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир неча бор огоҳлантириш ва топшириқлар берилди.
LiveБарчаси