Туркманистон Ўзбекистонга учаётган Эрон самолётини ортга қайтариб юборди

Олам 26182
image

170 йўловчи билан Тошкентга йўлга чиққан Zagros авиакомпаниясининг самолёти Туркманистон томонининг талаби билан ортга қайтди. Қайд этилишича, Ашхобод самолётнинг Туркманистон ҳаво чегарларини кесиб ўтишига рухсат бермаган.  

Қайд этилишича, ҳаво кемаси парвозни давом эттираётган вақтда Туркманистон томони унинг ўз ҳудуди устидан учиб ўтишига берилган рухсатномани тўсатдан бекор қилган. 

Эрон томони ушбу ҳодисани компаниянинг парвоз учун тўловларни амалга оширмагани билан изоҳламоқда. 

Самолёт Эроннинг Машҳад шаҳрига келиб қўнган. Шу онда яна бир фавқулодда муаммо пайдо бўлган. Йўловчиларнинг паспортига Эрондан чиқиш муҳри босилгани сабаб, улар самолёт бортидан туша олмаган. 

ОАВга кўра, Эрон компаниялари ва ҳукуматининг молиявий муаммолари АҚШнинг доимий равишда халқаро банк тизими орқали Эронга валюта ўтказилишини олдини олувчи санкциялари туфайли кучаймоқда. 

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2015 йилда Эрон билан имзоланган ядровий келишувдан чиқиб, мамлакат иқтисодиётига зарар етказадиган санкцияларни қўллаганди.  

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1680
Рейтинг: 3
t
×