Туркманистон Президенти ҳарбийларга мева етиштириб, мураббо тайёрлашни буюрди
Олам
−
12 Июнь 2020
11724Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари иқтисодий инфратузилмасининг ривожланиши билан танишди ва хавфсизлик ходимларига мева етиштириш ҳамда мураббо тайёрлашни буюрди. Бу ҳақда "Олтин аср" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Бердимуҳамедов Копетдағ тоғ этагида хавфсизлик ходимларининг ҳисоботларини эшитди. Унда ҳар бир ҳарбийга ер участкалари берилиши айтиб ўтилди.
"Ҳисоботда ҳар бир ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мевали дарахт ва сабзавот етиштириш учун ер участкалари бериш тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Ҳарбийларга тегишли ерларда олма, ўрик, шафтоли, нок, беҳи, олхўри ва хурмо каби мевали дарахтлар етиштириш топшириғи берилди", дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Туркманистон Президенти ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ажратилган майдонларда мевали дарахтлар, сабзавот ва полиз экинлари экиш таклифини қўллаб-қувватлаган.
"Бу ёшларнинг ўз она юртига бўлган муҳаббатини янада оширади", дейилади хабарда.
Бердимуҳамедов турли хил меваларнинг соғлиқ учун фойдалари, жумладан беҳи мураббоси ҳақида гапириб ўтган. Туркманистон раҳбари таъкидлашича, бу ерда экиш режалаштирилган мевали дарахт навларининг кўчатлари маҳаллий иқлим шароити ва табиий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда илмий асосланган ҳолда танланиши керак.
Аввалроқ, Туркманистон Президенти мамлакатда велосипед учун қурилган мажмуа очилишида иштирок этган эди.
LiveБарчаси