Туркманистон қурол импортини кескин оширгани маълум бўлди
Олам
−
04 Сентябрь 2021
8488Туркманистон жорий йилда қурол импортини сезиларли даражада оширди. Бу ҳақда Aвстралия Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан тузилган дунё мамлакатларининг тинчлик йиллик рейтингида маълум қилинган.
Қайд этилишича, энг кўп қурол импорти Aрманистон, Туркманистон ва Қатар давлатлари томонидан амалга оширилган. Тадқиқотларга кўра, 163 мамлакатнинг 92 тасида қурол импорти кўрсаткичи ошган. Ўртача ўсиш 4 фоизни ташкил этади.
Жорий йилдаги қурол-яроғ импорти бўйича кўрсаткичи бутун дунёда сезиларли даражада ошган (ва энг катта яхшиланиш – терроризм тарқалишида, у ўртача 7 фоизга камайди). Бироқ, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, дунёда энг кўп қурол импорти 2012 йилда бўлган.
Шу билан бирга, Туркманистон фуқаролари энг кам зўравонликка учраган мамлакат сифатида қайд этилган. Бу кўрсаткич 1 фоизни ташкил қилади. Ушбу рўйхатда охиридан иккинчи ўринни Ўзбекистон ва Япония 3,1 фоиз кўрсаткич билан, учинчи ўринни 4 фоиз кўрсаткич билан Сингапур эгаллаб турибди.
Хабарга кўра, тадқиқотчилар Туркманистондаги жиноятчилик даражаси тўғрисидаги маълумотларни қаердан олгани номаълумлигича қолмоқда. Мамлакат расмийлари бундай статистикани эълон қилмайди, расмий оммавий ахборот воситалари ҳатто алоҳида жиноятлар ҳақида ҳам хабар бермайди.
Маълумот учун, Туркманистон тинчлик рейтингида 2 154 балл тўплаган ҳолда 109-ўринни эгаллади (қанча балл тўпласа, тажовуз даражаси шунча юқори бўлади). Бу Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар учун энг ёмон натижадир: Тожикистон 2 095 балл билан 97-ўринда, Ўзбекистон 2 062 балл билан 90-ўринда, Қирғизистон 1 998 балл билан 76-ўринда, Қозоғистон 1 936 балл билан 67-ўринда. Россия 2 993 балл билан 154-ўринни, AҚШ 2 337 балл билан 122-ўринни эгаллади. Охирги ўрин 3 631 балл билан Aфғонистонга насиб этди. Исландия эса 1,1 балл билан дунёнинг энг тинч давлати деб тан олинди.
LiveБарчаси