Туркиянинг 100 йиллиги Тошкентда катта тантана қилинди
Олам
−
31 Октябрь 2023
5722Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллиги пойтахт Тошкентда катта тантана билан нишонланди. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган расмий қабул маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари иштирок этди.
Қабул маросими аввалида икки давлат мадҳиялари янгради. Сўнг Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг видеотабриги қўйиб эшиттирилди.
Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ўлган Бекор нутқ сўзлаб, бу йил Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллигини нишонлаётгани билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 500 йиллиги қутланаётганини урғулади.
“Туркия Республикасининг 100 йиллигини ва ЎзР мустақиллигинининг 32 йиллигини нишонлаганимиз бугунги кунларда икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик асосида мукаммал даражада ривожланмоқда. Икки томонлама алоқаларимизнинг бу савияга эришишида ҳеч шубҳасиз, Президентларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат, эҳтиром, ишонч илғор рол ўйнамоқда”, дейди элчи.
У, сўзида давом этаркан, тарихда ҳеч қачон Ўзбекистон-Туркия муносабатлари бугунгидек даражада бўлмаганини алоҳида урғулади.
“Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳар соҳада ривожланаётган алоқалар фақатгина мамлакатларимизнинг эмас, балки қўшниларимизнинг ҳам тинчлик-барқарорлигига буюк ҳиссалар қўшишига ишонамиз”, дейди элчи.
Маълумот учун, 1923 йил 29 октябрда Мустафо Камол Отатурк Туркияни Республика деб эълон қилган ва унинг расмий номини (туркча: Türkiye Cumhuriyeti) Туркия Республикасига ўзгартирган. Шундан сўнг Туркия Буюк Миллат Мажлисида овоз бериш бўлиб ўтиб, унинг натижаларига кўра Мустафо Камол Отатурк Туркия Республикасининг биринчи Президенти этиб тайинланган.
Айтиш жоиз, Туркия 1920 йилнинг 23 апрелида – Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламенти) ташкил этилгандан бери амалда республика бўлган, бироқ Туркия Республикасининг расмий эълон қилиниши орадан уч ярим йил ўтибгина содир бўлган. Шу кундан бошлаб бу сана мамлакатда миллий байрам – Республика (Жумҳурият) куни сифатида нишонлаб келинади.