Зилзила Туркия учун янгилик эмас. Тарих такрорландими?

Таҳлил

image

Жорий йилнинг 6 февраль куни Туркияда содир бўлган жуда кучли зилзила дунё ҳамжамиятини ларзага солди. Қурбонлар сонининг ортиб бораётгани, бошпанасиз қолган фуқароларнинг аҳволи, мамлакат иқтисодий ҳолатининг кескин пасайиши бошқа давлатлар учун ҳам ачинарли ҳолатга айланди. Зилзила дунёнинг бошқа ҳудудларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Хусусан, Сурия, Афғонистон, Қозоғистонда ер қимирлашлари кузатилди.

Аслида Туркия тарихи зилзиларга бой бўлган. Туркия сейсмик нуқтаи назардан жуда фаол ҳудуд ҳисобланади. Минтақада мунтазам равишда кучли зилзилалар содир бўлиб туради. Уларнинг аксарияти оммавий қурбонлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўлади.

QALAMPIR.UZ Туркияда содир бўлган баланд магнитудали зилзилалар ҳақида батафсил маълумотларни тўплади. Таъкидлаш жоиз, шу йилнинг 6 февраль кунидаги ер қимирлаши 1939 йилдан бери энг кучлиси бўлди. 

1939 йил, Арзинжон – 7,9 балл

XX асрдаги энг кучли ер силкиниши Арзинжон вилоятида 1939 йил 26 декабрда содир бўлган. Зилзила магнитудаси Рихтер шкаласи бўйича 7,9 баллни ташкил қилган. Бунинг оқибатида қурбонлар сони 32 962 кишини, жароҳатланганлар эса қарийб 100 минг нафарни ташкил қилган. Табиий офат туфайли 116 720 та уй вайрон бўлган.  Зилзиладан сўнг мамлакатда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кузатилган, бошпанасиз одамлар қаттиқ совуқдан нобуд бўлган.

1992 йил, Арзинжон – 6,7 балл

1992 йил 13 март куни маҳаллий вақт билан 17:00 да Туркиянинг яна ўша вилояти – Арзинжонда 6,7 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила эпимаркази Арзинжон яқинида жойлашган бўлиб, бу ерда 100 мингдан ортиқ одам истиқомат қилган. Зилзила оқибатида 498 киши ҳалок бўлиб, тахминан 2000 киши яраланган.

Шунингдек, 150 та бино вайрон бўлган, 8000 дан ортиқ уй зарар кўрган. Вайронагарчилик кўлами катта бўлгани учун Туркия қутқарув ишларини олиб боришда хорижий давлатлардан ёрдам сўраган. Россия Федерацияси ҳукумати чақирувга биринчилардан бўлиб жавоб берган ва қутқарувчиларни Туркияга юборишни буюрган.

1995 йил, Динор – 6,2

1995 йил 1 октябрда Динор вилоятида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила маҳаллий вақт билан соат 15:57 да юз берган. Гипомарказ 33 километр чуқурликда эди. Бу даврда Туркияда сиёсий беқарорлик юзага келганди, бундан атиги 11 кун олдин давлат сектори ходимларининг йирик иш ташлашлари бўлиб ўтган. 1 октябрдаги зилзиладан олдин 5,1 магнитудали бир қатор кичик зарбалар содир бўлган, охиргиси 26 сентябрда кузатилган.

Бу маҳаллий аҳолини ўз уйларидан ташқарида ухлашни танлашига олиб келган ва 1 октябрдаги энг катта зарба пайтида қурбонлар ва жароҳатлар камроқ бўлган бўлиши мумкин. Зилзила оқибатида 90 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши жароҳатланди. Жами 2473 та уй жиддий, 1218 та уй ўртача ва 2076 та уй енгил зарар кўрган. Туркия ҳукумати зилзила қурбонлари учун 5000 та янги уй қурган.

1999 йил, Измит шаҳри – 7,6 балл

1999 йил 17 август куни Туркиянинг ғарбий қисми, Голжук шаҳри яқинида маҳаллий вақт билан 03:01 да кучли зилзила кузатилган. У 37 сония давом этган бўлсада, жуда катта талафотларга сабаб бўлган.

Зилзила содир бўлган ҳудудда чуқурлиги 100 километрдан ортиқ бўлган тектоник ёрилиш юзага келган, баъзи жойларда йўл ва дарахтлар 5,2 метр масофага силжиган. Қурбонлар сони 18 373 тани ташкил этган, 48 901 киши яраланган, 600 000 га яқини бошпанасиз қолган. Зилзила мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир қилган.

Табиий офат оқибатида 120 мингга яқин бинога зарар етган, бир неча заводлар вайрон бўлган, маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлган. Фожиа оқибатида кўрилган талафотларни бартараф этиш учун Туркияга дунёнинг 12 давлати томонидан ёрдам кўрсатилган.

2010 йил, Элазиг шаҳри – 6 балл

2010 йил 8 март куни эрталаб Туркиянинг Элазиг шаҳри яқинида ер силкиниши бўлган. Зилзила чуқурлиги 10 км масофада жойлашган. Элазиг провинциясида содир бўлган биринчи зилзиладан сўнг кун давомида 40 дан ортиқ ер силкинишлари қайд этилган, жумладан, учтаси 5,5, 5,1 ва 5,3 магнитудага тенг бўлган. Зилзила оқибатида камида 57 киши ҳалок бўлган, 100 га яқин киши жароҳатланган.

Ўша куни Рихтер шкаласи бўйича 6,0 магнитудали зилзила маҳаллий вақт билан соат 07:47 да содир бўлди. Элазиг провинциясида (Анқарадан 550 км шарқда) зилзила марказидан 30-45 км узоқликда жойлашган олтита қишлоқ деярли бутунлай вайрон бўлган. Бу минтақа туристик маршрутлардан узоқда, у ерда қурилиш меъёрлари билан боғлиқ катта муаммолар мавжуд эди.

Тош ва ёғочдан ясалган уйлар харобага айланган, фақат минтақанинг сейсмик фаоллигини ҳисобга олган ҳолда қурилган масжидлар сақланиб қолган.

2011 йил, Ван шаҳри – 7,1 балл

2011 йил 23 октябрда маҳаллий вақт билан соат 13:41 да Ван шаҳри яқинида 7,1 магнитудали ер қимирлаши рўй берган. Унинг қурбонлари 604 кишини ташкил этган. Зилзила гипомаркази 16 км чуқурликда бўлган. Табиий офат оқибатида 600 мингдан ортиқ киши бошпанасиз қолган. Шу йили 30 дан ортиқ давлат Туркияга кўмак берган.

Асосий силкинишдан бир неча дақиқа ўтгач, Ван шаҳри яқинида яна 4-5 магнитудали зилзилалар кузатилган. Бир кун сўнгра, яъни 24 октябрь куни яна 6 магнитудали ер силкиниши қайд этилган. Умуман олганда, турли магнитудага эга зилзилалар яна бир неча кун юз бериб турган – 30 октябрда навбатдаги зилзила магнитудаси 5,3 ни ташкил этган. 

Туркиянинг Ван шаҳрида рўй берган зилзила асоратлари Арманистонда, хусусан Ереван шаҳрида ҳам яққол сезилган, одамлар ваҳима ичида кучли силкинишдан биноларни тарк этган. Уяли алоқа ҳам узилган.

2011 йилнинг 9 ноябрида ушбу ҳудудда зилзилалар яна такрорланган. Зилзила эпимаркази Ван шаҳридан 15 км узоқликда жойлашган. Оқибатда 25 та бино қулаб тушган, 50 дан ортиқ одам вайроналар остида қолган, зилзила қурбонлари сони 30 кишига етган, қурбонлар орасида журналистлар ҳам бўлган.

2020 йил, Элазиг вилоятида

Туркия шарқидаги Элазиг вилоятида 2020 йилнинг 24 январь куни маҳаллий вақт билан соат 20:55 да 6,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлган. Тебранишлар гипомаркази Сивриже шаҳри яқинида 11,9 км чуқурликда жойлашган. Зилзила қўшни Диёрбакир, Малатя, Адияман ва Самсун вилоятларида ҳам сезилган. Унинг давомийлиги тахминан 40 сонияни ташкил қилган. Ерости силкинишларининг магнитудаси 5,4 дан 3,3 гача бўлган. Ер силкинишлари Исроил, Сурия, Эрон, Ироқ, Ливан, Албания ва Грузияда ҳам сезилган.

Зилзиладан кейин бир неча кун ичида магнитудаси 1,8 дан 5,4 гача бўлган 1077 та ер силкиниши содир бўлди, улардан 13 таси 4,0 балдан юқори эди.

Дастлаб Элазиг вилоятида бешга яқин, Малатя вилоятининг Дўғанйўл туманида яна 25 та уй қулагани ҳақида хабар берилган. Зилзиладан кейин минглаб туркияликлар хавф ва биноларнинг қулаши сабабли тунни кўчада ўтказган.

Зилзила оқибатида 72 та бино вайрон бўлган, 514 таси жиддий зарар кўрган, 409 таси эса енгил ёки ўртача шикастлангани аниқланган.

Ҳодиса пайтида Элазиг вилоятида 400 мингга яқин одам яшаган. 41 киши ҳалок бўлган, 1607 нафар шахс тан жароҳати олган. Қутқарувчилар вайроналар остидан 45 кишини олиб чиққан.

Умида Имомхўжаева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг