Туркиялик афсонавий дарвозабон Рушту Речбер коронавирусга чалинди
Спорт
−
29 Март 2020
3824Туркия миллий терма жамоаси ва Каталониянинг "Барселона" клуби собиқ дарвозаони Рушту Речбер коронавирусга чалинди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Исил Instagram'даги саҳифасида маълум қилди.
"Сизларга яхши хабар айтмоқчи эдим, аммо афсуски, турмуш ўртоғим коронавирусга чалинди ва шифохонага ётқизилди. Барчаси яхши эди, лекин тўсатдан ушбу инфекция аломатлари унда пайдо бўлди. Айни дамда биз шок ҳолатидамиз. Оиламиз учун бу оғир вазият. Ўғлим ва қизим билан бирга коронавирусни аниқловчи тест топширдик. Бизда COVID-19 инфекцияси аниқланмади. Рушту шифохонада, бизга унинг олдига бориш мумкин эмас. Бу жуда ҳам қийин ҳолат. Барчамиз шифокорларга ишонамиз. Сизлардан илтимос, турмуш ўртоғим учун дуо қилинг", деб ёзди Исил Instagram'даги саҳифасида.
Маълумот ўрнида, Рушту Речбер Туркия миллий терма жамоаси либосида 120 учрашувда майдонга тушган. Рушту профессионал фаолияти давомида "Антальяспор", "Фенербахче", "Барселона" ва "Бешиктош" жамоаларида фаолият олиб борган. Рушту Речбер 2002 йили Жанубий Корея ва Японияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида, 2003 йили Франция мезбонлик қилган Конфедерациялар кубогида ва 2008 йили Австрия/Швецарияда бўлиб ўтган Европа чемпионатида бронза медали совриндори бўлган.
Эслатиб ўтамиз, дунё миқёсида коронавирусга чалинганлар 664 192 кишини ташкил этмоқда. Ушбу касалликдан бугунгача 30 888 киши вафот этди. Касалланганларнинг 142 364 нафари вирусдан буткул фориғ бўлган.
LiveБарчаси