Туркияга бормоқчи бўлаётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Жамият 5750
image

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркияга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси берган маълумотга кўра, Туркия Республикаси Ҳукумати чет эл давлатлари фуқароларининг (6 ёш ва ундан катта) мамлакатга кириши учун илгари киритилган қоидаларни 2021 йил 31 майга қадар узайтирди. Қоидага мувофиқ:

  • Туркияга келишдан 72 соат олдин ПЦР-тестидан ўтиш ва инглиз тилига таржима қилинган QR-кодли тегишли маълумотмона олиниши керак. Маълумотномада “Negative Sars-CoV-2 PCR” сўзлари ёзилган бўлиши лозим;
  • register.health.gov.tr ҳаволаси орқали Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги веб-сайтида ПЦР-тестини топшириш тўғрисидаги шаклни тўлдириш керак. Бунда хорижга чиқиш паспортида ёзилгани каби инглиз тилида исм, фамилия, телефон, электрон почта, авиарейс, Туркияда вақтинча туриш манзили, Туркияга келгунга қадар охирги 10 кун ичида ташриф буюрган мамлакатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак;
  • тўлдирилган ариза шаклини чоп этинг ва уни мобил қурилмага (смартфон, планшет ва ҳ.к.) юклаб олинг – анкетани тўлдиргандан сўнг саёҳат пайтида тақдим этилиши керак бўлган шахсий HES-коди ҳосил бўлади, Туркияда меҳмонхона, қатор объектларни зиёрат қилиш ва тадбирларда иштирок этиш учун ушбу HES-кодни кўрсатиш талаб этилади. HES-кодини босма шаклда ҳам, мобил қурилманинг экранида ҳам тақдим этиш мумкин;
  • жўнаш аэропортида авиакомпания ходимига қоғозга чиқарилган ёки мобил қурилмага юклаб олинган сўровномани тақдим этиш лозим. Анкетасиз самолётга чиқиш рад этилади.

Қайд этилишича, Туркияга HES-кодисиз келган хорижий давлатларнинг фуқароларига мамлакатга кириш тақиқланиши ҳамда улар ўзларининг маблағлари ҳисобидан депортация қилиниши мумкин.

Ушбу талаб транзит йўловчиларига тааллуқли эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия 29 апрелдан тўлиқ локдаунга қайтиши ҳақида хабар берилган эди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 215
Рейтинг: 3
t
×