Туркияда журналист Эрдўғанни ҳақорат қилишда айбланиб, қамоққа олинди
Олам
−
23 Январь 2022
9793
Туркиялик журналист Седеф Кабаш Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанни ҳақорат қилганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Журналист кеча, 22 январь куни Истанбулда ҳибсга олинган ва суд жараёнидан олдин қамаб қўйилган.
Седеф Кабаш мухолифатга алоқадор телеканалдаги жонли эфирда айтган мақоли билан Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанни нишонга олганликда айбланмоқда. Журналистнинг ўзи айбловни рад этган.
"Тож кийган доно бўлади" деган нақл бор, лекин бу ҳақиқат эмаслигини кўриб турибмиз. Аксинча, тож кийган "мол" бўлса, сарой оғилхонага айланади”, деган журналист телеканалдаги чиқиши чоғида.
Кейинчалик у иқтибосни Twitter'даги саҳифасига ҳам жойлаштирган.
Президентнинг Матбуот котиби Фаҳреттин Алтун унинг изоҳларини “масъулиятсизлик” деб баҳолаган.
“Журналист деган шахс нафрат тарқатишдан бошқа мақсади бўлмаган телеканалда Президентимизни очиқдан-очиқ ҳақорат қилмоқда”, деб ёзган у Twitter'даги саҳифасига.
Телеканалнинг бош муҳаррири Мердан Янардаг Седеф Кабашнинг ҳибсга олинишини танқид қилган.
“Унинг тунда, соат 02:00 да мақол туфайли ҳибсга олинишини шунчаки қабул қилиб бўлмайди. Бу позиция журналистларни, оммавий ахборот воситаларини ва жамиятни қўрқитишга уринишдир", деган у.
Агар судда айблов ўз тасдиғини топса, журналист хоним бир йилдан тўрт йилгача қамалиши мумкин.
"Reuters" нашрига кўра, Президент Эрдўған 2014 йилнинг августида Туркиянинг тўғридан-тўғри сайланган Биринчи Президенти бўлган. Сайловга қадар 11 йил Бош вазир лавозимида ишлаган.
Эрдўған Президент бўлганидан бери минглаб одамлар уни ҳақорат қилганликда айбланган.
Хусусан, 2020 йилда айблов билан боғлиқ 31 мингдан ортиқ тергов қўзғатилган.
LiveБарчаси