Туркияда лира “қулаши” фонида энг кам маош 50 фоизга оширилди

Олам 3604
image

Туркия Президенти Тойиб Эрдўған миллий валюта лиранинг долларга нисбатан кескин қадрсизланиши фонида мамлакатда минимал ойлик иш ҳақи 2825 лирадан 4250 лирага кўтарилишини маълум қилди.

“Ҳар йилнинг декабрь ойида вазирлик (Меҳнат вазирлиги – таҳр.), касаба уюшмалари ва иш берувчилар иштирокидаги йиғилишларда энг кам иш ҳақи миқдори аниқланади. Бугун якуний қарор қабул қилинди. Ишчилар ва иш берувчилар вакиллари энг кам ойлик иш ҳақи ҳақида турлича қарашга эга. Томонлар муросага эришганидан хурсандман. Ушбу музокаралар доирасида биз 2022 йилда энг кам иш ҳақи камида 4250 лира бўлиши ҳақида қарор қабул қилдик. Вояга етмаган фарзанди борлар учун эса бу кўрсаткич янада юқори бўлади”, деган Эрдўған журналистларга.

Унинг қўшимча қилишича, 2021 йилда 2825 лира бўлган энг кам иш ҳақи деярли 50 фоизга ўсган, бу “сўнгги 50 йилдаги рекорддир”.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, энг кам маошдан олинадиган айрим солиқлар ҳам бекор қилинмоқда.

Кеча, 16 декабрь куни Туркия миллий валютаси – лира Марказий банк ставкасининг пасайтирилиши кутилаётганда АҚШ долларига нисбатан 3 фоизга қардларсизланиб, тарихий антирекорд қайд этилганди ва 1 доллар 15 лирага тенг бўлган.

Маълумот учун, жорий йил бошидан буён турк лирасининг долларга нисбатан қадри 48 фоизга пастлаган. Мутахассисларга кўра, мамлакатда йиллик инфляция даражаси 21,3 фоизни ташкил қилмоқда. Аммо баъзилар бу кўрсаткич нотўғри эканлигини таъкидлашмоқда. Мухолифатдаги Республика Халқ Партияси лидери Экрем Имомўғли бир йил ичида Истанбулда нарх-наво 50 фоизга ошганини даъво қилмоқда.

Туркияда миллий валютанинг долларга нисбатан кескин қадрсизланиши оқибатида мамлакатнинг йирик шаҳарлари Анқара ва Истанбулда ҳукумат истефосини талаб қилиб халқ норозилик намойишлари ўтказганди. Намошийлар ортидан Истанбул полицияси 40 дан ортиқ кишини ҳибсга олган.

Мунира Турсунова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 109
Рейтинг: 2.9
t
×