Туркияда инфляция ортидан нонга навбатлар пайдо бўлди
Олам
−
13 Декабрь 2021
7650Йил охирига келиб, Туркияда инфляциянинг кучайиши ортидан озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ҳам ошиб бормоқда, нон учун навбатлар пайдо бўляпти. Биргина Истанбул шаҳри бўйлаб 1 500 дан ортиқ нон расталарида бир неча ўнлаб кишиларнинг навбатда турганини кузатилмоқда.
“Кунлик ейдиган нондан тортиб озиқ-овқат, кийим-кечаккача қимматлашиб бормоқда” дейди 71 ёшли пенсионер Наизи Топрак “Al-Jazeera” нашрига берган интервьюсида.
Маҳаллий аҳолига кўра одамларнинг даромади кундалик маҳсулотларни сотиб олишга етмай қолмоқда.
“Биз яқинда Истанбулга кўчиб келдик. Оилада 4 кишимиз, менинг 800 лира ($56) пенсиям оилани боқишга етмайди. Бундан ташқари ҳар ой 2000 лира ($140) уйимизнинг ижарасига ҳам тўлашимиз керак” деб қўшимча қилади пенсиядан олдин касби ҳайдовчилик бўлган Топрак.
Маълумот учун, жорий йил бошидан буён турк лирасининг долларга нисбатан қадри 48 фоизга пастлаган. Мутахассисларга кўра, мамлакатда йиллик инфляция даражаси 21,3 фоизни ташкил қилмоқда. Аммо баъзилар бу кўрсаткич нотўғри эканлигини таъкидлашмоқда. Мухолифатдаги Республика Халқ Партияси лидери Экрем Имомўғли бир йил ичида Истанбулда нарх-наво 50 фоизга ошганини даъво қилмоқда.
Туркияда миллий валютанинг долларга нисбатан кескин қадрсизланиши оқибатида мамлакатнинг йирик шаҳарлари Анқара ва Истанбулда ҳукумат истефосини талаб қилиб халқ норозилик намойишлари ўтказганди. Намошийлар ортидан Истанбул полицияси 40 дан ортиқ кишини ҳибсга олган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси