Туркияда фуқаро ўзбекистонлик аёл учун докторни отиб ўлдирди
Олам
−
29 Август 2023
19746Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда маҳаллий фуқаро ўзбекистонлик қиз учун докторни қуролдан ўқ узиб ўлдирди. Бу ҳақда турк нашрлари ёзмоқда.
Ҳодиса жорий йилнинг 22 август куни содир бўлган. Авжилар туманидаги меҳмонхонага келган йигит хоналардан бирига чиққан ва эшикни очган доктор Иброҳим Қорахонга қарата ўқ узган. Доктор зудлик билан шифохонага олиб кетилган ва муолажаларга қарамай, вафот этган.
Воқеадан сўнг полиция гуруҳлари меҳмонхона ходимларидан баёнот олган. Меҳмонхона ходими С.А.нинг билдиришича, 22 август куни кечаси меҳмонхонага бир йигит келиб, доктор Қорахон тунаётган хонада бир аёл калтакланаётганини айтган ва юқорига кўтарилган. Кейин у хонага кириб, Қорахонга қарата ўқ узган ва хонада бўлган чет эллик фуқаро билан қочиб кетган.
Полиция меҳмонхона ходими берган маълумотлар асосида, йигит ва хонадан у билан қочган қиз ўтирган машинанинг давлат рақам белгисини ҳамда уларнинг қаерга кетганини аниқлаган. Автомобиль Атакўй туманидан топилган. Полиция ходимлари гумонланувчи Али Аскар ва аёлни қурол билан қўлга олган.
Туман полиция бўлимида сўроқ қилинган гумонланувчи Али Аскар қотилликни содир этганини тан олган. У ўз кўрсатмасида Д.Б. унинг севгилиси экани ва қиз эскортлик билан шуғуллангани, воқеа содир бўлган куни қиз унга қўнғироқ қилгани ва меҳмонхонада калтакланаётганини айтганини билдирган.
“Мен хона рақамини ҳам билардим. Меҳмонхонага бориб, уни отиб ташладим”, дейди қотилликни содир этган шахс.
Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган Д.Б. ўз баёнотида хонада қолган шифокор уни калтаклаганини, йигитига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтиб берганини очиқлаган.
Қотиллик юзасидан олиб борилаётган тергов-суриштирув ишлари давомида 26 ёшли гумонланувчи Али Аскар бунгача 6 марта турли жиноятларда айблангани маълум бўлган.
Воқеа юзасидан тергов давом этмоқда.
LiveБарчаси