Туркияда 8 минг йилга қамалган маҳкумнинг мулки ҳам олиб қўйилди
Олам
−
29 Октябрь 2024 10237 1 дақиқа
2022 йилда фирибгарлик, қуролли ва жинсий жиноятлар учун 8658 йилга қамалган Аднан Оқтарнинг катта миқдордаги мол-мулки мусодара қилинди. Бу ҳақда “Milliyet” хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 28 октябрь куни Аднан Оқтар қуролли жиноят учун ишлатган ва шу жиноятлар орқали орттирган мол-мулклар мусодара қилинган. Улар қаторида тўппонча, милтиқ, ўқ-дорилар, гильзалар, журналлар ва қоплар мавжуд. Шунингдек, Аднан Оқтарнинг ноқонуний ташкилоти раҳбарияти ва аъзоларига тақсимланган 1 миллион 47 минг 503 лира, 52 минг 391 доллар, 30 минг 365 евро, 535 фунт, 160 Швейцария франки ҳамда бир қанча Гонгконг доллари ва Бирлашган Араб Амирликлари дирҳами ҳам мусодара қилинган.
Қарорга кўра, суд омборида сақланаётган 5 та камера қурилмаси ва ташкилот раҳбари томонидан ёзилган айрим китоблар ҳам мусодара қилинган. Айрим соат ва зеб-зийнат буюмлари эса қайтарилган.
Бундан ташқари, ташкилот ихтиёрида бўлган 61 та автомобиль ва Истанбул шаҳрининг 5 та туманидаги турли қийматдаги кўчмас мулк ҳам мусодара қилинган мол-мулклар қаторидан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Истанбул суди Thodex криптобиржасининг раҳбари Фарук Фотиҳ Озер, унинг синглиси ва укасини фирибгарлик, жиноий ташкилотга раҳбарлик қилиш ва пул ювишда айблаб, ҳар бирини 11 196 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Live
Барчаси