Туркия ва Россия ўзаро савдода доллардан воз кечиши мумкин – ОАВ

Олам 6289
image

Туркия энергия ресурслари учун Россия билан ҳисоб-китобларда АҚШ долларидан воз кечиши мумкин, бу масала икки давлат Президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан 19 июль куни Теҳронда бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилиниши режалаштирилган эди. Бу ҳақда “Bloomberg” номи ошкор қилинмаган турк расмийсига таяниб, хабар берди.

“Етказиб бериш учун тўловлар лирага ўтказилиши мумкин, бу Туркия ҳукуматига валюта захираларининг қисқаришини секинлаштиришга ёрдам беради, Россия эса турк етказиб берувчилардан товар ва хизматлар сотиб олаётганда турк валютасидан фойдаланиши мумкин. Рубль ҳам тўлов механизми учун валюта сифатида кўриб чиқилади”, дея таъкидлаган агентлик суҳбатдоши.

Қайд этиш керак, Путин ва Эрдўған Эрон пойтахтида бўлиб ўтган учрашувидан сўнг давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларда доллардан воз кечгани ҳақида баёнот бермади. Улар фақат Украинадаги ғаллани экспорт қилиш масалалари ва Суриядаги вазиятни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилганини очиқлади, холос.

Бундан бир ҳафта олдин, 12 июль куни Россия ва Эрон Марказий банклари мамлакатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиб, уларни миллий валютага конвертация қилишга келишиб олган эди.
 
“Bloomberg”га кўра, 2022 йилнинг 1 июлига келиб, Туркиянинг ялпи валюта захиралари 2017 йилдаги қарийб 97 миллиард доллардан салкам 59 миллиард долларгача қисқарган. 

Ўтган йили Россия ва Туркия ўртасидаги ижобий сальдо тахминан 20 миллиард долларни ташкил этган. Туркиянинг Россияга экспорти 6,5 миллиард доллар, Россиянинг Туркияга экспорти эса 29 миллиард долларга етган. 

Март ойи охирида Путин дўст мамлакатлар учун газга тўлов қилишнинг янги схемасини таклиф қилди ва тасдиқлади. Эндиликда газ харидорларидан “Газпромбанк”да иккита ҳисоб очиш талаб қилинди — бири рублда, бири чет эл валютасида.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 201
Рейтинг: 3
t
×