Туркия ва Қирғизистон Қуролли кучлар ҳамкорлиги бўйича ҳужжат имзолади
Олам
−
02 Март 2022
6292Қирғизистон Туркия билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича ҳужжатни қабул қилди. Бу ҳақда “Анадолу” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Туркия Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва Қирғизистон Мудофаа вазири генерал-майор Бактибек Бекболотов кеча, 1 март куни Анқарада “Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича йўл харитаси”ни имзолаганлар.
Акар ва Бекболотов ўртасида яккама-якка, сўнг делегациялар иштирокида учрашуви бўлиб ўтди.
Мудофаа вазирликлари раҳбарлари қўшма матбуот анжумани ўтказган.
Акар ўз нутқида Туркия ва Қирғизистон ўртасидаги муштарак қадриятлар, маданий ва тарихий алоқаларга эътибор қаратган.
“Қирғизистон барқарорлиги ва хавфсизлиги Туркия учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам жуда муҳим. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қардошлик асосида жадал, ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. “Йўл харитаси”да Туркия ва Қирғизистон раҳбарлари 2021 йил июнь ойида Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишида эълон қилган мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги аниқ қадамларни белгилаб бердик. Туркия қирғиз биродарлар билан техник ва маслаҳат масалалари бўйича ҳамма нарсани баҳам кўришга тайёр”, деган Акар.
Унинг сўзларига кўра, Туркия Қирғизистон Қуролли кучлари қудратига ҳисса қўшишга тайёр.
Акар, шунингдек, мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида Туркия ва Озарбайжон парламентлари Анқара ва Баку ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш имкониятини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ратификация қилди.
Декларация “томонлардан бирининг халқаро тан олинган чегараларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, дахлсизлиги ёки хавфсизлигига учинчи давлат ёки давлатлар томонидан таҳдид ёки тажовуз содир бўлган тақдирда” БМТ Низомига мувофиқ Баку ва Анқара томонидан ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
LiveБарчаси