Туркия Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети тарафдори – Эрдўған 

Олам

image

Туркия биринчи кунданоқ Қримнинг ноқонуний аннексия қилинишини тан олмади ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Киевда бўлиб ўтган “Қрим платформаси” учинчи саммити муносабати билан ўз видеомурожаатида айтиб ўтди.

“Туркия Қримнинг аннексия қилинишини тан олмайди ва биринчи кунданоқ бу қадамнинг ноқонунийлигини билдирди. Биз Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам ўз позициямизни сақлаб қоламиз. Биз барча платформаларда ва асосан Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Қрим Украинанинг бир қисми эканини эълон қиламиз”, дейди Президент.

Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг устувор йўналиши Қримнинг туб аҳолиси – Қрим татарларининг хавфсизлиги ва фаровонлигини ҳам таъминлашдан иборат.

Қора денгиз ташаббуси мавзусига тўхталган Президент Эрдўған, Туркиянинг бу келишувни қайта тиклаш устида иш олиб боришини айтган.

“Бу жараёнда тарангликни кучайтирадиган ва Қора денгиз минтақасида тинчликка путур етказадиган ҳар қандай қадамдан қочиш кераклигига ишонаман. Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаронинг тўхтатилиши, Қора денгиз ҳавзасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш нафақат минтақа, балки бутун дунё учун фойдалидир”, деган Эрдўған.

Шунингдек, Туркия раҳбари Анқара Украина инқирозини ҳал қилишда воситачилик ролини олишга тайёрлигини айтган.

Туркия Президенти ўз видеомурожаатида Украина Президенти Владимир Зеленскийни, давлат ва ҳукумат раҳбарларини, Қрим-татарлари миллий етакчиси, Украина халқ депутати Мустафо Қримўғлини, саммит иштирокчиларини ва қрим татарлари вакилларини қутлаган. Бундан ташқари, Туркия раҳбари саммит иштирокчиларини Украина Байроқ куни ва Мустақиллик куни билан табриклаган.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, Қрим масаласини тинч йўл билан ижобий ҳал қилиш учун яратилган платформа бу борадаги бошқа ҳаракатларга куч беради.

Маълумот учун, кеча, 23 август куни Киевда “Қрим платформаси”нинг халқаро саммити ўз ишини бошлаган. Бу саммит иштирокчилар сонини кўпайтириш мақсадида гибрид форматда ўтказилаётган учинчи учрашувдир. Украина Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жапарованинг сўзларига кўра, бу йил форумда 64 давлат иштирок этмоқда. Бугун, 24 август куни саммит иштирокчилари Қрим ярим оролининг келажаги ва Қора денгиздаги хавфсизлик муаммосини муҳокама қилади. Бу йил форумда Қримнинг урушдан кейинги Украинага реинтеграцияси масаласи биринчи марта кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур саммитга видеомурожаат юборган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Вашингтон Россия томонидан Қримнинг ноқонуний аннексия қилинганини ҳеч қачон тан олмаслиги ҳамда “Қрим платформаси” каби воситалар орқали Украинанинг босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни қайтариб олишини қўллаб-қувватлашини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Украина Қрим Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг