Туркия сайловолди хавфсизлик режимини кучайтиряпти

Олам

image

Туркия Ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг 14 май куни бўлиб ўтадиган умумхалқ сайловларида хавфсизликни таъминлашга мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг 600 мингдан ортиқ ходимини жалб этишни буюрди. Бу ҳақда вазирликнинг бугун, 13 март куни тарқатилган циркульярида айтилади.

Қайд этилишича, сайлов участкаларини қўриқлаш учун Туркия Ички ишлар вазирлигидан 326 минг, Жандармерия олий қўмондонлигидан яна 200 мингга яқин ходим юборилади. Хавфсизликни таъминлашга Соҳил хавфсизлик қўмондонлиги ва хавфсизлик компаниялари ходимлари ҳам жалб қилинади. Шу билан бирга овоз бериш куни фақат сайлов участкалари хавфсизлигини таъминлашда расман ишлайдиган ходимларгина ўзлари билан қурол олиб юриш ҳуқуқига эга бўлади.

Манбага кўра, овоз бериш жараёнида сайлов участкалари атрофидаги ҳудудларда патрул хизмати кучайтирилади, улар яқинида савдо қилиш тақиқланади. 

Шунингдек, ИИВ ижтимоий тармоқлардаги овоз бериш жараёни ёки номзодлар, шунингдек, яқинда содир бўлган зилзилалар билан боғлиқ нотўғри маълумотларни тарқатувчи провокацион постларни диққат билан кузатиб бориши ҳақида огоҳлантирган. Бундай нашрлар ноқонуний деб топилиши, уларга дарҳол суд ва маъмурий иш қўзғатилишини таъкидланган.

Маълумот учун, 14 май куни президентликка номзодлар ва парламент таркиби бўйича овоз бериш бир вақтнинг ўзида ўтказилади. Агар биринчи турда олий давлат лавозимига номзодлардан ҳеч бири 50 фоиздан кўп овоз ололмаса, президентлик сайловининг иккинчи босқичи 28 май куни бўлиб ўтади. Президентлик пойгасида айни дамда Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған  ва олти партияли мухолифат альянси томонидан номзоди кўрсатилган “Жумҳурият Халқ” партияси раҳбари Камол Қиличдорўғли ўрин олган. Бошқа сиёсий кучлар ҳам президентликка ўз номзодларини кўрсатиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия сайловолди хавфсизлик режими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг