Туркия низоларни ҳал қилиш учун масъулиятни ўз зиммасига оляпти – Эрдўған

Олам

−

image

Туркия қўшни минтақаларда ва дунёнинг бошқа қисмларида урушлар, низолар ва инқирозлар юз бераётган мураккаб даврда нафақат барқарорликни сақлаб қолмоқда, балки келишмовчиликларни ҳал қилиш учун масъулиятни ҳам ўз зиммасига олмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 29 октябрь куни нишонланадиган Республика куни муносабати билан йўллаган видеомурожаатида сўз очди.

У республика ташкил топганининг 103 йиллиги катта фахр ва кўтаринкилик билан нишонланаётганини айтган.

“Қадрли халқимизни, кипрлик турк биродарларимизни ва дунёнинг турли гўшаларида истиқомат қилаётган барча фуқароларимизни 29 октябрь – Республика куни билан табриклайман. Хорижий ваколатхоналаримизда байрамимиз қувончи ва ҳаяжонини баҳам кўраётган муҳтарам меҳмонларга самимий миннатдорчилик билдираман. Шунга ўхшаш, маънавий ва маданий ҳудудимизнинг турли гўшаларидан туриб, юраги халқимиз билан бирга ураётган, биз билан бирга қувониб, қайғураётган ҳамда тақдиримиз ва туйғуларимиз муштарак бўлган барча дўстларимиз ва биродарларимизни қизғин қутлайман”, дейди Туркия етакчиси.

Эрдўған республика турк халқининг мустақилликка бўлган иродаси, эркин яшаш аҳди ва ўз келажагини мустақил белгилашга бўлган интилишининг энг ёрқин рамзи эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат тарихи шонли ғалабалар ва курашларга бой.

“Ғози Мустафо Камол раҳбарлигида улкан фидойилик кўрсатиб олиб борган миллий озодлик курашимиз, ҳатто энг оғир шароитларда ҳам бирлик ва ҳамжиҳатлик билан жипслашган халқ нималарга қодирлигини бутун дунёга кўрсатди. Зарур имкониятлар йўқлигига қарамай эришилган ушбу буюк ғалаба нафақат халқ тақдирини ўзгартирди, балки миллий ирода кучи ва мустақил ҳаёт кечириш ҳуқуқининг дахлсизлигини тарихга мангу муҳрлади. Халқимиз томонидан 103 йил аввал намоён этилган азм-у қарор, жасорат ва собитқадамлик бугун ҳам биз учун энг кучли илҳом манбаи бўлиб қолмоқда”, дейди у.

Эрдўғаннинг айтишича, сўнгги 24 йил ичида турли соҳаларда – мудофаа саноати ва энергетикадан тортиб транспорт ва дипломатиягача эришилган ютуқлар кучли ва фаровон Туркия сари қўйилган энг муҳим босқичлар сифатида кўрилади. 

“Ўз технологияларини ишлаб чиқараётган, мудофаа соҳасидаги имконият ва салоҳиятини кенгайтираётган, энергия таъминоти хавфсизлигини мустаҳкамлаётган, транспорт инфратузилмасини давр талабларига мос равишда модернизация қилаётган ва ишлаб чиқариш қувватларини муттасил ошириб бораётган мамлакатимиз янада кучли келажак сари ишонч билан одимламоқда”, дейди Президент.

Эрдўған Туркия қўшни минтақаларда ва дунёнинг бошқа қисмларида урушлар, низолар ва инқирозлар юз бераётган мураккаб даврда нафақат барқарорликни сақлаб қолаётгани, балки келишмовчиликларни ҳал қилиш масъулиятини ҳам ўз зиммасига олаётганини яна бир бор таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат бундан буён ҳам “Дунёда тинчлик, минтақада тинчлик, мамлакатда тинчлик” тамойилига амал қилган ҳолда, тинчлик ва адолат йўлида қатъият билан ҳаракат қилишда давом этади.

“86 миллионлик ягона халқ сифатида умумий қадриятларимиз атрофида бирлашиб, биз “Туркия асри” мақсадларини ҳаётга татбиқ этамиз ва ўзимизнинг умумий мовий осмонимиз деб билган Туркия Республикасини биргаликда анча ёруғ келажакка етаклаймиз. Миннатдорлик билан таъкидламоқчиманки, Аллоҳга шукр, бугунги Туркия кечагидан кучлироқдир. Иншааллоҳ, эртага у янада кучлироқ, янада обрўлироқ ва барча соҳаларда янада таъсирлироқ бўлади. Аллоҳнинг марҳамати билан турк халқи ушбу асрда ўз изини қолдиради. Аллоҳ халқимизнинг йўлини очиқ ва тақдирини хайрли қилсин. Фурсатдан фойдаланиб, республикамиз асосчиси Ғози Мустафо Камол Отатуркни, у билан сафдош бўлган қуролдошларини, миллий озодлик кураши қаҳрамонларини ва ватан йўлида жон фидо қилган азиз шаҳидларимизни раҳмат билан ёд этаман, шунингдек, фахрийларимизга ўз миннатдорлигимни билдираман. Республикамизнинг 103 йиллик байрами муборак бўлсин!” дейди Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, Эрдўған Туркий давлатлар ташкилотининг жорий йил 30-31 октябрь куни Анқарада бўлиб ўтадиган саммити олдидан қилган нутқида жаҳон сиёсати туб ўзгаришларни бошидан кечираётган бир даврда туркий давлатларнинг ҳамжиҳатлиги стратегик заруратга айланганини айтган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг