Туркия кемалари Украинадан дон экспорт қилишда давом этади 

Олам

image

Россиянинг Қораденгиз дон ташаббусидаги иштироки тўхтатилганига қарамай, Туркия байроғи остида сузувчи кемалар Украина портларидан дон экспортини муаммосиз давом эттиради. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар маълум қилди.

"Туркия байроғи остидаги кемаларнинг чиқиши билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Улар Украина портларидан кетишда давом этадилар", дейилади хабарда.

Шунингдек, Акар томонлар дон бўйича келишувни тўлиқ амалга ошириш борасида келишиб олишларига умид билдирган.

Унинг сўзларига кўра, Россия томони Россия портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича БМТ билан музокараларни давом эттирмоқда.

“Биз Туркия сифатида бу ишга ҳисса қўшиш ва воситачи ролимизни самарали бажариш учун саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз”, дейди вазир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги аннекция қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужум муносабати билан Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. Расмий Москва ҳужум "дон йўлаги"дан фойдаланган ҳолда уюштирилганини таъкидамоқда.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатни Украина, Россия, БМТ ва Туркия вакиллари имзолади. Дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Октябрь ойида Қрим кўпригида портлаш бўлиши ортидан Россия Президенти Владимир Путин дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди. У портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, шундай қилинишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг