Туркия Исроил билан дипломатик муносабатларни тиклади
Олам
−
18 Август 2022
2936Туркия Исроилга элчи тайинлаш ва дипломатик муносабатларни тиклашга қарор қилди. Бу ҳақда бугун, 17 август куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Исроил Ташқи ишлар вазири Яир Лапид билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
"Исроилга элчи тайинлашга қарор қилинди, Исроил томони ҳам бу борада ижобий жавоб берди. Тез орада номзодимиз Президентга тақдим этилади. Худо хоҳласа, ҳар икки томон учун ҳаммаси муваффақиятли бўлади", дейди Чавушўғли.
Маълум бўлишича, Исроил ва Туркия дипломатик вакиллик даражасини ўзгартиришдан ташқари, яқин келажакда яна бир олий даражадаги учрашув ўтказиш, сиёсий ва минтақавий маслаҳатлашувлар ташкил этиш, аралаш иқтисодий комиссия тузиш масалаларини кўриб чиқиш, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.
Шунингдек, Чавушўғли хавфсизлик, хусусан, террорчилик таҳдидларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берган.
Яир Лапид Туркияда Эрондан ҳужум таҳдиди остида қолган Исроил фуқароларининг ҳаётини сақлаб қолган Анқарага миннатдорлик билдирган.
"Гап нафақат бегуноҳ исроиллик сайёҳларнинг ўлдирилиши, балки Эрон террори Туркия суверенитетини очиқдан-очиқ бузаётгани ҳақида бормоқда", дейди Лапид.
Маълумот ўрнида, 2018 йилда Анқара Ғазо секторида 59 фаластинликнинг ўлими ва 2700 дан ортиқ кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган норозилик намойишларидан сўнг, Исроил элчисидан мамлакатни тарк этишни сўраган эди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси