Туркия Ироқ шимолида ҳарбий операция бошлади
Олам
−
18 Апрель 2022 16394 2 дақиқа
Туркия Мудофаа вазирлиги Ироқ шимолида Курдистон ишчилар партияси (PKK) жангариларига қарши янги ҳарбий операцияни бошлади. Бу ҳақда вазирлик баёнотида сўз боради.
“ПКК ва бошқа террор унсурларини зарарсизлантириш, Ироқ шимолидан халқимиз ва хавфсизлик кучларига қарши бўлаётган террор ҳужумларини бартараф этиш ва чегараларимиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 51-моддасидан келиб чиқадиган ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқимизга мувофиқ Ироқ шимолидаги террористик нишонларга қарши (Метина, Зап ва Авасин-Басян деб аталадиган ҳудудларда) “Pençe-Kilit” операцияси бошланди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Қайд этилишича, операция учун махсус операция кучлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари ҳаракатга келтирилган.
“Associated Press” агентлиги Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акарга таяниб, самолётлар ПККнинг бошпаналари, бункерлари, туннеллари, ғорлари ва омборларига муваффақиятли ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таъкидлашича, “Курдистон ишчи партияси” жангарилари 1984 йилдан то 2020 йилнинг мартигача бир қатор қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириши натижасида 7500 турк хавфсизлик ходими ва 6800 тинч аҳоли ўлдирилган.
АҚШ ва Европа Иттифоқи “Курдистон ишчи партияси”ни террористик ташкилотлар рўйхатига киритган.
Анқара вазиятни ҳал қилиш йўлларини қидиришга уринишларига қарамай, “Курдистон ишчи партияси” террор ташкилоти 2015 йил июлидан бери яна қуролли ҳужумларни бошлаган.
Live
Барчаси