Туркия “Дон йўлаги” бўйича Россия ва Украинадан аниқ жавоб кутяпти

Олам

image

Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар бугун, 17 июнь куни Украина донини денгиз орқали экспорт қилиш муаммосини ҳал қилишда яқин кунларда ижобий ўзгаришлар кутаётганини айтди. 

“Яқин кунларда воқеаларнинг янада жадал ривожланиши учун имкониятга эга бўламиз, деган умиддамиз. Биз Россия Федерацияси, Украина, Туркия ва БМТ ўртасида йиғилиш ўтказиш ва муаммони тезроқ ҳал қилиш устида ишламоқдамиз”, дейди у Брюсселдаги НАТО мудофаа вазирлари йиғилишидан сўнг.

Акарнинг сўзларига кўра, Туркия Россия, Украина ва БМТ билан “Дон йўлаги” деб аталмиш йўлак яратиш бўйича алоқаларни давом эттирмоқда. У Украина донини экспорт қилишни мувофиқлаштириш учун уч давлат ҳарбий идоралари ўртасида ишонч телефони ташкил этилганини эслатди.  

“Ишонч телефони доимий ишламоқда. Тез ва хавфсиз бўлиш устида иш олиб борилмоқда. Ғалла ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш давом этмоқда”, дейди Туркия Мудофаа вазирлиги раҳбари. 

Акар, Монтрё конвенциясига риоя қилишнинг аҳамиятига ҳам эътибор қаратди.  

"Бу ерда (Қора денгиз ҳавзасида – таҳр.) мувозанатнинг бузилиши вазият назоратдан чиқиб кетиши билан тўла. Қора денгизни рақобат майдонига айлантирмаслик керак”,  дея таъкидлади турк вазири. 

Маълумот учун, жорий йилнинг 8 июнь куни Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Мавлуд Чавушўғли Анқарада бўлиб ўтган музокараларда “Дон йўлаги” деб аталмиш коридор яратиш масаласини муҳокама қилди. Туркия ҳукумати аввалроқ Украина донини Қора денгиз орқали етказиб бериш учун хавфсизлик кафолатларини тақдим этиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Маҳаллий ОАВ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмуриятидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Украина ғалласини етказиб бериш бўйича йўл харитасини амалга ошириш механизми 80-90 фоизга тайёр ва тегишли келишувларга эришилгач, имкон қадар тезроқ ишга туширилиши мумкин. Бу масалани Туркия, Россия, Украина ва БМТ вакилларининг Истанбулда бўлиб ўтадиган учрашувида муҳокама қилиш режалаштирилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг