Туркия Арманистон билан визавий тартибни енгиллаштирди

Олам

image

Арманистон ва Туркия 2026 йил 1 январдан бошлаб дипломатик, хизмат ва махсус паспорт эгалари учун виза олиш жараёнини соддалаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда тегишли қарор кеча, 29 декабрь куни Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) сайтида ва Туркия ТИВнинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.

Келаси йилдан бошлаб ҳар икки давлатнинг бундай паспорт эгалари электрон визаларни бепул олиш имконига эга бўлади. 

“Шу муносабат билан Арманистон ва Туркия икки давлат ўртасидаги муносабатларни тўлиқ, ҳеч қандай олдиндан шартларсиз нормаллаштириш мақсадида ушбу жараённи давом эттиришга содиқ эканини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади давлатлар ТИВлари баёнотида.

Арманистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар мавжуд эмас, икки давлат чегараси эса 1993 йилдан бери ёпиқ.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар секин-аста яхшиланиб бормоқда. 2025 йил ёз бошида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоған ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Истанбулда учрашув ўтказди. Арманистон парламенти спикери Ален Симонян бу воқеани тарихий деб атаб, уни “Арманистон раҳбарининг бундай даражада Туркияга илк ташрифи” дея баҳолади.

2023 йилда ҳам Пашинян Туркияга ташриф буюрган – у Эрдўғаннинг Анқарадаги инаугурация маросимида қатнашган эди. Ереван маълум қилишича, бу галги ташриф Туркия билан муносабатларни нормаллаштириш учун ҳам, Баку билан бўлган можарони тартибга солиш учун ҳам зарур бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг