Туркия аэропортларида йўловчиларни текшириш кучайтирилади
Олам
−
23 Май
3992Эндиликда Туркия аэропортларида йўловчиларни текшириш янада кучайтирилади. Бу ҳақда мамлакат Транспорт вазири Абдулқодир Уралўғлига таяниб, “Hurriyet” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, вазир фуқаролик авиацияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи янги қонун лойиҳасига изоҳ берган. Унга кўра, барча йўловчилар аэропортга киришда махсус қурилмалар ёрдамида текширилади.
Агар қурилмалар етарли бўлмаса, қўлда тинтув амалга оширилади. Агар йўловчи ўзи ёки буюмлари текширилишидан бош тортса, самолёт бортига киритилмайди.
Шунингдек, Транспорт вазири Туркия Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти аъзоси ва унинг талабларини яхши бажарувчи давлатлардан бири эканини таъкидлади.
“Агар сиз самолётда саёҳат қилсангиз, барча турдаги текширувларга розилик беришингиз, кимлигингиздан қатъи назар, умумий қабул қилинган қоидаларга бўйсунишингиз керак. Агар хавф бўлса, ҳамма текширилади”, дейди вазир.
Маълумот учун, Туркиянинг асосий аэропортларида икки текширув пункти мавжуд бўлиб, биринчиси умумий кириш ҳудудига кираверишда, иккинчиси эса рўйхатдан ўтгандан кейинги ҳудудда. Ҳар иккала пункт ҳам замонавий жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, зарурат бўлса, жисмоний текширув ишлари олиб борилади.