Турк футболини қутқараётган “Месси” – Спорт дайжести

Спорт

Бугун турк футболини елкасида кўтариб турган 19 ёшли Арда Гулер, можарою муштлашувлари билан ёдда қолаётган Евро-2024 ва чемпионлик камари учун жанг қиладиган Ҳасанбой Дўсматов ҳақида гаплашамиз.

Евро-2024: Туркия Грузиядан, Португалия Чехиядан устун келди

8 июнь куни футбол бўйича Германияда бўлиб ўтаётган Европа чемпионатининг гуруҳ босқич 1-тур ўйинлари якунланди. “F” гуруҳида Туркия Грузия билан, Португалия эса Чехия билан баҳс олиб борди.

Туркия-Грузия баҳси 3:1 ҳисобида туркларнинг фойдасига ҳал бўлди. Дастлаб 25-дақиқада Мерт Мюлдюр ҳисобни очган бўлса, 32-дақиқада Жорж Микаутадзе ҳисобни тенглаштирди. 65-дақиқада Арда Гулер ва 90+7 дақиқада Муҳаммад Карим Актюркоглу томонидан киритилган тўплар якунда Туркияга Евро-2024'даги дастлабки 3 очкони келтирди.

Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси эса мусобақани қийин ғалаба билан бошлади. Чехияга қарши ўйинда дастлаб чехлардан Лукаш Провод ҳисобни очди, 69-дақиқада эса Робин Гранач ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. 90+2 дақиқада Франсишку Консейсау ғалаба тўпини киритди ва Португалия турнирнинг дастлабки турида муҳим 3 очкога эга чиқди.

Шундай қилиб, 1-турдан кейин Туркия “F” гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Тўплар нисбатига кўра, Португалия 2-ўринни банд этган. 

Арда Гулер Роналдунинг рекордини янгилади 

Туркия терма жамоаси ва Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби ярим ҳимоячиси Арда Гулер Португалия терма жамоаси етакчиси Грузия дарвозасига киритилган гол орқали Криштиану Роналдунинг рекордини янгилади. Бу ҳақда “Opta” хабар берди.

Арда 19 ёшу 114 кунлигида Европа чемпионатида дебют қилиб, илк ўйиндаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилди ва Еврода дебютидаёқ гол урган энг ёш футболчига айланди.

Гулергача бу рекорд 5 карра “Олтин тўп” соҳиби Криштиану Роналдуга тегишли эди. Роналду 19 ёшу 128 кунлигида Европа чемпионатида дебют қилиб, гол уришга муваффақ бўлган.

Туркия миллий терма жамоасининг футбол бўйича Европа чемпионати гуруҳ босқичининг 1-тур учрашувида Грузия терма жамоаси устидан қозонилган ғалабаси муносабати билан жамоа мухлислари мамлакат байроғи акс этган автомобилларда парад уюштирди. 
Туркия мухлислари Германияда истиқомат қилувчи турк диаспорасининг кўплиги сабабли ўйин куни шаҳарда ва стадионда сезиларли даражада кўп бўлди. Марказий кўчалар бўйлаб Туркия байроғи туширилган 100 га яқин автомобиль эгалари тинимсиз сигнал чалиб, Дортмундда байрам қилди.

Полиция Грузия ва Туркия мухлислари ўртасидаги оммавий муштлашув бўйича иш бошлади 

Дортмунд полицияси Евро-2024 ўйини бошланишидан олдин Грузия ва Туркия терма жамоалари мухлислари ўртасидаги муштлашув акс этган видеолавҳаларни ўрганмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Манбага кўра, ўйин олдидан стадионда турк ва грузиялик мухлислар ўртасида тўқнашув бўлиб ўтган. Ҳозирда полиция воқеага баҳо бериш ва иштирокчиларни аниқлаш учун видеоматериални кўриб чиқмоқда.

Видеодан кўриш мумкинки, турк мухлислари дарвоза ортидаги секторлардан жой олган. Бурчакдаги секторларда эса Грузия терма жамоаси мухлислари бор. Айрим мухлислар трибуналарни ажратиб турувчи тўсиқлардан ошиб, муштлашган. Иккала томон ҳам бир сектордан бошқасига ҳар хил буюмларни улоқтирган.

Германия Евро-2024 пайтида теракт бўлишидан хавотирланмоқда

Германия ҳукумати Евро-2024 пайтида шу йилнинг март ойида Россия маркази Москва шаҳридаги “Крокус Сити Холл”даги фожиага ўхшаш воқеа содир бўлиши мумкинлигидан жиддий хавотирланяпти. Бу ҳақда Германия Ички ишлар вазири Нэнси Фезер маълум қилди.

“Германия ва, шунингдек, бутун Европа террористик ташкилотлар, хусусан ИШИДнинг “Вилояти Хуросон” гуруҳи нишони остида. Бу каби ҳолатни яқинда Москвада кўрганмиз”, дейди Нэнси Фезер.

Қайд этилишича, Евро-2024'га мезбонлик қилаётган Германия террорчиларнинг кейинги нишони бўлиши мумкин.Бунга “Вилояти Хуросон” террористик гуруҳи яқинда футбол стадионида автомат тутган жангари тасвирланган суратни чоп этгани сабаб бўлган. Сурат тагида

“Охирги голни урамиз!”, деб ёзилган.

Испания терма жамоаси Германияда бўлиб ўтаётган Евро-2024ʼнинг асосий фаворити сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда “Goal” нашри хабар берди. 

Бу борада иккинчи ўринни мезбон жамоа Германия эгаллаган бўлса, кучли учликка Чехия билан ўйинда ирода кўрсатган Португалия якун ясади.

Мусобақада Грузия, Албания ва Шотландия жамоаларининг имкониятларини паст баҳоланмоқда.
Евро-2024 фаворитлари:

  • 1. Испания;
  • 2. Германия;
  • 3. Португалия;
  • 4. Франция;
  • 5. Англия;
  • 6. Нидерландия;
  • 7. Швейцария;
  • 8. Италия;
  • 9. Туркия;
  • 10. Словакия;

Ҳасанбой Дўсматов WBA чемпионлик камари учун жанг қилади

Ўзбекистонлик профессионал боксчи, ҳаваскорлар ўртасида Олимпия ва жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) чемпионлик камари учун рингга кўтарилади. Бу ҳақда WBA расмий сайтида хабар берди.

Ташкилот минимал вазн тоифасида таиландлик чемпион Тамману Ниёмтронгнингга ўзбекистонлик Ҳасанбой Дўсматов билан жанг қилишга буйруқ берди. WBA февраль ойида икки томон келишувга эришиши учун 30 кун муҳлат берган эди. Лекин муддат аллақачон якунига етган бўлса-да, ташкилотнинг бу ҳақида расман маълумот бериши кечикди.

Маълум бўлишича, Дўсматовнинг жамоаси жангни Олимпиададан кейин ўтказишни сўраб, илтимоснома киритган. Ташкилот эса бу сўровни маъқуллаган.

Шунингдек, Ниёмтронг жамоаси ҳам бунга рози бўлган. Таиландлик боксчи эндиликда ихтиёрий ҳимоя жангини ўтказади.

Ўзбекистонлик бодибилдер Осиё чемпиони бўлди

Жорий йилнинг 15-16 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бодибилдинг бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада иштирок этган Ўзбекистон вакили Иброҳим Латипов мутлақ вазнда чемпионликни қўлга киритди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

-90 кг да баҳсларда қатнашган 28 ёшли Латипов олтин медални қўлга киритди. Ўз вазнидаги чемпионликдан ташқари Латипов мутлақ вазнда ҳам ғолибликни расмийлаштирди. Мазкур ғалаба орқали Иброҳим Латипов келгусида халқаро мусобақаларда иштирок этиш имконияти ва профессионал бодибилдерлар учун тақдим этиладиган Pro Card карточкасига эга чиқди. 

Қайд этиш жоиз, бунгача Латипов ўтган йили ноябрь ойида Жанубий Кореянинг Вонжу шаҳрида 14-бодибилдинг ва фитнесс бўйича Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанди. 

Маълумот учун, икки кун давомида ўтказилган Осиё чемпионати баҳсларида Россия, Эрон, Баҳрайн, Эстония, Қувайт, Қирғизистон ва Қозоғистондан юзлаб спортчилар иштирок этди.
Райан Гарсия фаолиятини якунлади

Собиқ Бутунжаон бокс кенгаши (WBC) вақтинчалик чемпиони ва WBC Silver йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Райан Гарсия фаолиятини якунлади. Бу ҳақда спортчининг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“Мен расман нафақага чиқдим. Коррупция жуда кўп, мен бундан чарчадим. Мен актёрлик фаолиятини бошлашим ёки қўшиқ айтишим мумкин. Машғулотларда давом этаман. Энг ачинарлиси, мен ажойиб боксчи эдим. Кетаётганимдан хафаман, чунки боксни яхши кўраман”, дейди Гарсия.

Апрель ойида Гарсия ҳакамларнинг бир овоздан чиқарган қарори билан ҳамюрти Девин Хейни мағлуб этди, аммо кейинроқ Гарсиянинг допинг тестида тақиқланган моддалар борлиги маълум бўлди.

25 ёшли Гарсия профессионал рингда 26 та жанг ўтказиб, 25 та ғалаба (20 таси нокаут) ва 1 та мағлубият қайд этган.

Ўзбекистон FIFA рейтингида икки поғона юқорилади

Халқаро футбол федерацияси (FIFA) миллий терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Рейтингга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси икки ўринга юқорилаб, 62-поғонани эгаллади.

Ўзбекистон Осиё жамоалари ичида 8-ўринни банд этди. Осиё жамоалари орасида энг яхши натижани Япония, Эрон ва Жанубий Корея эгаллади. Янгиланган жадвалда Япония 17, Эрон 20, Жанубий Корея эса 22-ўринларда қайд этилди.

Рейтинг пешқадами эса амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина ҳисобланади. 2-ўрин французларга тегишли бўлса, кучли учликни Евро-2024 да омади келмаётган Бельгия терма жамоаси эгаллади.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг сўнгги ўйинини 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари доирасида Эронга қарши ўтказиб, дуранг натижа қайд этганди.

Ҳумоюн Тўхтамуродов янги промоутерлик компания билан шартнома имзолади

Ўзбекистонлик ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродов Марказий Осиёнинг нуфузли лигаларидан бири Россиянинг “Open FC” билан шартнома тузди. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

Тўхтамуродовга кўра, у  “Open FC” билан 3 та жанг бўйича келишувга эришган. Тез орада спортчининг ташкилот турнирлари доирасидаги янги жанги санаси ва рақиби аниқ бўлади. Ҳозирда 25 ёшли Тўхтамуродов бўлажак жангига Таиландда тайёргарлик кўрмоқда. 

Спортчи янги шартномага кўра, гонорари миқдорини сир сақланишини хоҳлади. 

Қайд этиш жоиз, Тўхтамуродовгача “Open FC” ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев билан ҳам ҳамкорлик қилган. Шунингдек, Ҳабиб Нурмуҳаммедовнинг укаси Умар Нурмуҳаммедов ҳам ўз вақтида мазкур лигада жанглар ўтказган.

Маълумот учун, Тўхтамуродов MMA'даги фаолияти давомида 10 та жанг ўтказиб, 7 тасида ғалаба қозонган ва 3 та жангда имкониятни бой берган. У охирги марта 2022 йилнинг июль ойида “Octagon 32” турнир доирасида эронлик Саид Мехршадни бўғиш услуби билан мағлубиятга учратган.

Месси Америка кубоги рекордини ўрнатди

Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Америка кубогидаги 35-учрашувини ўтказди ва бу кўрсаткич бўйича турнир рекордчисига айланди. Бу ҳақда “Opta” хабар берди.

Манбага кўра, Месси бу борада чилилик дарвозабон Серхио Ливингстонни (34) ортда қолдирди. Канадаликлар билан ўйинда Месси голли узатмани амалга оширди.

Аргентина ва Канада терма жамоалари “А” гуруҳида плей-офф йўлланмаси учун курашмоқда. Кейинги ўйинда аргентиналиклар Чили ва Перуга қарши майдонга тушади.

Америка кубоги 15 июль куни якунланади. Мусобақада тўрт гуруҳга бўлинган 16 та жамоа иштирок этмоқда. Ҳар бир квартетдан иккита энг яхши жамоа плей-офф босқичига йўл олади. Турнирнинг амалдаги ғолиби Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Ҳасанбой Дўсматов WBA Евро-2024 Арда Гулер Райан Гарсия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг