Турғун Азизов 90 ёшида вафот этди
Жамият
−
22 Январь
16061Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр Турғун Азизов 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълумот учун, Турғун Азизов 1934 йилнинг 30 ноябрида Тошкентдаги Сарёғчи (ҳозирги Бешқайрағоч) маҳалласида туғилган. У 1956 йили аввалги Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, шу йилнинг ўзидаёқ ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган.
Турғун Азизов 1967 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1974 йил “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонларига сазовор бўлган. У 1977 йил Давлат мукофоти совриндори, 2001 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2021 йил “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ўзбек халқининг севимли актёри Миллий театрда фаолият юритиб келаётган бир қанча ёш ижодкорларнинг устози ҳамдир.
Шунингдек, Турғун Азизов театрда саҳналаштирилган 200 га яқин асарларда бош ролларни ижро этган. У яратган “Сарвқомат Дилбарим”да Илёс, “Номус”да Сайрам, “Номаълум киши”да Ниёз, “Монсерра”да Монсерра, “Ўғирланган умр”да Эйдзи, “Тирик мурда”да Протасов, “Қирол Лир”да Эдмунд, “Отелло”да Отелло, “Мирзо Улуғбек”да Мирзо Улуғбек, “Алишер Навоий”да Ҳусайн Бойқаро каби образлари ўзининг ўтли юраги, романтик эҳтироси, кечинмалари билан ўзбек театр санъати тарихида қолди.
Актёр кино санъатида ҳам фаол иштирок этиб, 30 дан ортиқ фильмларда суратга тушган. Эл севган “Мафтунингман” фильмида Бакир Назаров, “Нодирабегим”да Амир Насрулло образларини яратган.
1956 йилдан бошлаб дубляж соҳасида ҳам самарали меҳнат қилган. У кино, театр, радио ва телевидениеда фаол қатнашиб, санъатда етукликка эришганидан кейин, театр режиссурасида ҳам ўзини синаб кўрди. Жумладан, театрда “Алишер Навоий”, “Мирзо Улуғбек”, “Меҳробдан чаён”, “Етти фарёд”, “Чимилдиқ”, “Машраб”, “Олтин қиз”, “Тили асалим”, “Рустам”, “Яраланган оққуш ноласи”, “Бир кошона сирлари”, “Ўзбекча рақс” каби асарларни муваффақиятли саҳналаштирди. Бу спектакллар жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди. “Чимилдиқ” постановкаси эса ўзбек халқининг энг севимли спектакллари қаторидан ўрин олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь