Тўп эмас, қуён ортидан қувганлар ёхуд жарга қулаётган ўзбек футболининг бугунги ҳолатига назар

Спорт 27158
image

Футбол, ўзбек футболи. Баҳсли мавзу, туганмас тортишувлар, баъзан натижасиз ҳаракатлар. Унинг тақдирини ўзгартириш бир кишининг қўлида бўлганда эди... Мамлакат спорт соҳасидаги эришилаётган жамийки ютуқлар футболдаги муваффақиятсизликлар соясида қолиб кетаётгандек. Ўзбекистон футболи раҳбарияти ўзгарганига эса бир йил тўлди. Хўш, бу даврда нималар ўзгариши керак эдию, нималар ўзгарди? Ҳозирги вице-президентларнинг фаолияти қандай баҳолаш мумкин? Биз ушбу масалада собиқ ЎФА вице-президенти маслаҳатчиси, таниқли футбол мутахассиси Санъат Шариповга микрофон тутишга ҳаракат қилдик. Пандемия сабаб АҚШда бўлиб турган Шарипов ўз фикрларини ёзма баён қилишни истади. Қуйида унинг ўзбек футболининг бир йил аввалги ва бугунги ҳолати ҳақидаги фикрларини ўқишингиз мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, у бундан бир йил аввал ҳам интервью беришни истамаган эди. Аксинча, бир йил ўтиб, футбол соҳасидаги ўзгаришларни кузатиб, кейин оммага юзланишни мақсад қилганди. Ниҳоят ўша кун келди. 

Тўп эмас, қуён ортидан қувганлар ёхуд жарга қулаётган ўзбек футболининг бугунги ҳолатига назар

2019 йилнинг ёз фасли ўзбек футболини ўз тафти билан қиздириб юборганига ҳаш-паш дегунча бир йил тўлибди. Ўша дамларни эсга олсак, бирин-кетин футбол тепасидаги раҳбарлар ўзгариши мамлакат футболи жонкуярлари, ишқибозлари, борингки барча-барча футбол кишиларига ижобий таъсир этганди.

Тўғрида, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ном таратган футбол одами бошқарувга тайинланди. ЎФА президентлиги давлат хавфсизлик хизмати раисига топширилиши эса ўзбек футболида коррупцияга бутунлай барҳам берилишига, терма жамоалар ва клублар халқаро ўйинларда ўз сўзини айта бошлашига умид учқунларини пайдо қилди.

Ўтган бир йил давомида мамлакатимиз ОАВсининг ЎФАга нисбатан муносабати, ёзилган мақолаю, таҳлиллар, фикрлар асосан ижобий, баъзида нейтрал кўринишда бўлганлиги аён бўлди. ЎФА матбуот хизмати томонидан расмий сайт ва ижтимоий  тармоқларда бериб борган маълумотларини кўриб кўз қувнайди. Айниқса, бир йиллик фаолият таҳлилини ўтказган ижроқўм йиғилиши ҳисоботи ЎФА тўғри йўлдан кетаётганлиги, амалга ошириб келаётган ишлари яхши натижа бераётганлигини кўрсатиб берди.

НИКИМБАЕВНИНГ МАҚСАДИ АЙБЛАШМИ Ё АЛҚАШ?

Тўсатдан, ҳаммаси яхши кетаётган бир пайтда хориждаги жонкуяр экспертларимиз ЎФАнинг “иши”га аралаша бошлади. Дастлаб, Алишер Никимбаев Равшан Эрматовнинг ишга тайинланганига 14 июнда бир йил тўлгани ва шу вақт давомида у нима иш қилдию, нимани амалга ошира олмаганини ўзининг ижтимой тармоқдаги каналида ёритиб ўтди. 

Мана ўша мутахассис фикрининг “Championat.asia”да тарқатилган варианти: 

Алишер Никимбаев: "Эрматов ЎФАга келганига бир йил бўлди, афсуски ҳалигача ўз жамоасини шакллантира олмади"

— 2019 йил 14 июнь куни ЎФА раҳбариятида ўзгариш содир бўлган эди.

ЎФА Ижроқўм йиғилишида Равшан Эрматов ЎФА Биринчи вице президенти этиб сайланганди.

"Бугун Равшан Эрматов ЎФА Биринчи вице-президенти этиб тайинланганига бир йил бўлди. Ҳакамик фаолиятини якунлаганига ҳам бир йил бўлди десак бўлади. Ёрқин, воқеаларга тўла ўтган фаолият бундай якунланиши керак эмасди.

Бироқ бир йил олдин Эрматов бу қадамни қўйди, чунки "Ватан буюрди". У жамоатчилик учун шахсий фаолиятини қурбон қилди. Кўпчилигимиз бундай қарор қабул қила олмаймиз. Равшан Эрматов бунга қодир экан.

Албатта буларнинг барчаси оддий жойда бўлгани йўқ. ЎФАда ўша пайтда "кучли бўрон" бўлаётганди. Бу "бўрон" 2019 йилда эмас, 2017 йилда ҳам эмас ундан олдинроқ бошланганди. Вазиятни фақат кескин ва ностандарт қарор қутқариши мумкин эди. Ҳамда ҳокимият идораларидаги қайсидир кабинетда дунёнинг энг яхши ҳаками обрўси бу нажот деган қарорга келишганди.

Аммо Эрматовнинг футбол майдонидан дарҳол Биринчи вице-президенти курсисига ўтиши натижа бериши қийин эди. Футболни ривожлантириш ҳеч қачон, ҳатто энг истеъдодли одамнинг ютуғи бўлмаган бўлмайди ҳам. Эрматовга жамоа керак эди, афсуски ҳозирга қадар у охиригача бу жамоани шакллантира олмади. Йил давомида кадрлар борасида бир нечта хатога йўл қўйилди. Аммо Эрматовни бу хатолар учун кескин айблаб бўлмайди. Унинг кабинетда ишлаш тажрибаси йўқ эди. Аммо шунга қарамай Эрматов ўз жамоасига ЎФАга муносиб бўлган ўз жамоасини олиб кела олди. Бир ярим йил аввал олдинги раҳбарият идеологлари ПФЛ ва ЎФА ташқарисида ҳеч қандай мутахассис йўқ деб айтишганди. Эрматов бундай эмаслигини ва юртимиз футболида мутахассислар етарли эканини кўрсатди.

Ортда қолган 366 кун давомида Эрматов ҳамма ишни қила олмади албатта. ПФЛда ҳеч қандай ислоҳот йўқ, у ерда биргина директорни ўзгартириш билан иш муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Бу ташкилот ўзгаришларга муҳтож. Аммо у ерда бошқаларнинг логотипларини ўғрилайдиган, ФИФА талабларига зид бўлган регламентларни ёзадиган коллектив туфайли ислоҳот ўтказиб бўлмаяпти.

Аммо Эрматов вилоят футбол Федерациялари муаммоларига эътибор қаратишга, халқаро ташкилотларда ЎФАга нисбатан ҳурматни қайтаришга, терма жамоалар бошқарув тизимини ўзгартиришга муваффақ бўлди.

Бир йил ичида барча муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Нимадир ўхшади, нимадир ҳатто ёмонлашди. Нима нотўғри қилинганини тушуниш ва олдинга интилишда давом этиш керак.

Алишер Никимбаевнинг фикр-мулоҳазаларини ўқиб ҳайрон қоласан киши. Эрматов ўз жамоасини шакллантира олмади деб гап бошлаган, бироқ кейинроқ, “Аммо шунга қарамай Эрматов ўз жамоасига ЎФАга муносиб бўлган ўз жамоасини олиб кела олди. Бир ярим йил аввал олдинги раҳбарият идеологлари ПФЛ ва ЎФА ташқарисида ҳеч қандай мутахассис йўқ деб айтишганди. Эрматов бундай эмаслигини ва юртимиз футболида мутахассислар етарли эканини кўрсатди” дейиши орқали ўз сўзига ўзи қарама-қаршиликни келтириб чиқаргандек. Умумий хулоса ўрнида, Равшан Эрматов бир йиллик фаолияти ижобий баҳоланган. Унинг атрофидаги баъзи мутахассислар иши қониқарсиз.

АМИНОВНИНГ АЙБЛОВЛАРИГА НЕГА МИҚ ЭТИЛМАЯПТИ? 

Орадан бир ой ўтиб, навбатдаги садо хорижлик “жонкуяр” Алишер Аминов томонидан янгради. Россияда истиқомат қилаётган мутахассис очиқчасига ўзбек футболини ривожланмаётганлигига асосий раҳбар, яъни ЎФА президенти айбдорлиги, Равшан Эрматов эса ҳар қанча кучли мутахассис бўлмасин, “қишлоқча ишлашга маҳкум этилган”лиги таъкидлаб ўтилган. Эрматовни бу лавозимга мажбуран ўтказишгани, аслида унинг бу борада хоҳиши ҳам бўлмаганлигини, шу билан бир қаторда мамлакат футболини аслида давлат раҳбарининг спорт бўйича маслаҳатчиси бошқараётганлигини айтади.

Интервью бошидан охиригача Эрматовни оқлаш, ЎФАдаги бошқа футбол вакилларини номутахассисликда айблаш, стратегия ва шароит йўқлигини таъкидлаш билан ўтган.

Шу ўринда, кишини ўйлантирадиган бир ҳолатга эътибор қаратмасак бўлмайди. Орадан бир ҳафтадан ошиқ вақт ўтди. ЎФАдаги мутасадди раҳбарлар сукут сақлашмоқда. Бир йил давомида бирор мартаям танқид бўлмаганди. Кутилмаганда, танқид тошлари отила бошланди. Энг таъсирлиси, асосий айблов ЎФА бош раҳбарига қаратилди. Савол туғилади? Нега, унинг ўринбосарлари жим. Р.Эрматов, Ш.Исроилов, А.Максумов ва яна бир қанча маслаҳатчилар бор, улар ҳам ЎФА президентининг ишидан норозидек, деб ўтиришгандек гўё.

Хўп Алишер Аминов, ЎФА президенти 2003 йилдан мунтазам ўз иш фаолияти билан бирга футбол билан ҳам ҳамнафас эканлигини билмаган экан, дейлик. Нега жаноби Эрматов, бу борада россиялик ўзбек нотўғри фикр юритганлигини икки оғиз гап билан бўлсада рад этиб қўймади. 2005-2006 йилларда чўлда “Машъал”нинг гуркираши, Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ва учинчи ўрин, кубок финалига чиқиши, ҳатто Осиё чемпионлар лигасидаям иштирок этишида кимнинг ҳиссаси катта бўлганлигини Эрматов яхши билади-ку. 2008 йилда А.Азизов ЎФА вице-президенти бўлганлиги, кейинги йилларда ҳам қаерда ишламасин, футболга беэътибор бўлмаганлигини ОАВда ёритилган. Аминов, ЎФА раҳбарининг футболдан йироқ инсон деб фикр юритиши ёлғон эканлигини ўзиям яхши билса керак. Бундан ташқари, ЎФА ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи бўлган Азамат Абдураимовни ҳеч бир асоссиз ишдан бўшатиб юборганлигини айтиб ўтган.

Аминов берган интервьюда кўтарилган масалалар, муаммолар ҳозирги кунда ЎФА фаолиятида мавжуд эканлиги ҳақиқат. Бироқ, нега бунга фақат юқорида тилга олинган давлат раҳбарининг спорт бўйича маслаҳатчиси ва ЎФА президенти айбдор, холос?  Аминов ўзбек футболидаги бугунги воқеликларни етказган одам, барчасини борича айтиб бермаган кўринади. Мажбуран футбол раҳбарлигига тайинланган Эрматовни мавжуд камчилик ва муаммолардан ҳоли деб бонг ураётган футбол эксперти, 2019 йил 20 июндаги Равшан Эрматов ва ЎФА мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманини ўқимаган шекилли. Умумий ЎФА биринчи вице-президенти иштирокидаги матбуот анжуманлари, интервьюларда ўзбек футболини ривожлантиришга жиддий бел боғлаганлиги, ҳар қандай тўсиқ ва муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилиши таъкидланган.

ЎФАНИНГ БИР ЙИЛЛИК ИШ ФАОЛИЯТИ ҚАЙ ДАРАЖАДА? 

Мақола бошида ёзганимдек, ўтган бир йил давомида республика ОАВ вакиллари томонидан очиқ танқид ёки ЎФА ишига салбий муносабат билдирилмаган. Фақат мана шу Аминов ва Никимбаевлар ўзбек футболида ишлар мақташга арзимаслигини айтиб чиқишгани, айни дамда ЎФАнинг ишига бизниям аралашишга мажбур этди. Танқид остига олинган ЎФАда бир одамдан бошқа барча айбдор эканлиги тушунарсиз. Карьерасида футболда катта ишларни амалга оширган одамни танқид қилиш мумкин эмасми? Балки кимгадур ЎФАнинг ҳозирги раҳбари олиб бораётган “тозалаш” сиёсати ёқмаётгандир? Дарвоқе, кадрлар муаммосини, Эрматов ўз жамоасини шакллантира олмаганини ёзган Никимбаев, сўнгги ойларда ЎФАдаги кадрлар алмашинувидан хабардор бўлса керак. Эрматов катта ишонч билдирган кўплаб футбол мутахассислари ЎФАни тарк этди. Аммо, лекин, бироқ... Бу ҳақда ЎФА ходимлари ҳамда бу даргоҳга тез-тез қадам ранжида қиладиган саноқли инсонлардан бошқа ҳеч ким билмайди. Нега? Чунки бу “отставка”лар расман эълон қилинса, саволлар ёғила бошлайди. Тўғриямда, ОАВ бир йил Эрматовни ишини жим кузатди, нимадир камчиликни кўргандаям тажрибасизликка йўйди. Тўсатдан, Эрматов ишонч билдирган инсонларнинг ишдан кетиши ҳар қандай одамда савол уйғотса керак. 

Кимлар кетди?

Халқаро бўлим бошлиғи Шерзод Эгамбердиев...

Ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни танқид қилишни севадиган. 

ЎФА техник директори Шавкат Имомов...

ЎФАда ўн йилдан ошиқ фаолият юритган, тренерларни тайёрлаш бўйича асосий масъул Имомовни ишдан кетиши сабабларини ўрганиш бошлаб юбориларди, агар бу расман эълон қилинганда. ФИФА ва ОФК томонидан тренерлар таълими алоҳида проектлар орқали молиялаштирилиб турилиши. Молиявий томондан “қуюқ” иш ўрнини Имомов нега тарк этди? Етарли капитал ажратилишига қарамасдан нега Ўзбекистонда тренерлик таълими оқсамоқда? Хуллас, муаммо кимда ёки нимада билмадик-ку, ҳозирда ЎФА техник директори ўрни бўш.

ЎФА маркетинг бўлими бошлиғи Бахтиёр Маметов...

Четдан қараганда, ЎФАда маркетинг ишлари яхши кетаётгандек эди, аммо негадир бу бўлимда ҳам вакант жой пайдо бўлди. Ассоциация маркетингида “эски” раҳбарлар томонидан амалга оширилган нотўғри ишлар фош қилинди. ЎФА медиа ва трансляция ҳуқуқини Лагардераспорт компаниясига арзимаган пулга 2025 йилгача бериб юборилганини аниқлаб, якунда бу ҳуқуқни улардан қайтариб олишга эришишганди. Аммо орадан анчагина вақт ўтса-да, тайёр маблағ келтирадиган ҳуқуқ, ҳавода муаллақ қотиб турди...

Биринчи вице-президент маслаҳатчиси Жаҳонгир Саидов...

Эрматовнинг ЎФАда “уй ишлари”ни бажариб юриши белгиланган Саидов ҳам кутилмаганда бўшаш ҳақида ариза ёзди. Катта эҳтимол, Саидов ЎФА ходими бўлиш билан бир қаторда суперлига ўйинларида ҳакамлигини давом эттириши мусобақа регламенти талабларига зид эканлигидан хабардор этилган. Худди Саидов каби яна бир ФИФА лайнсмени Алишер Усмонов ҳам ЎФАда қайсидир лавозимда иш юритган ва у ҳам суперлига ўйинларида ишлаган. 

Ҳакамлар бўлими мутахассиси Ноил Лутфуллин...

2020 йилги футбол мавсумининг илк туридаёқ ҳакам мавзуси трендга чиқиб кетди. Танташевнинг илк турда “қовун” тушириши, алалоқибат ҳамшаҳари Лутфуллин фаолиятига соя солган кўринади, умуман олган Ноил Ришатович тузуккина ишлаб юрганди, унинг ҳам жимгина ариза ёзиб бўшаши...

Сал аввалроқ ПФЛ директори Даврон Шоқурбонов...

Эрматов ЎФА раҳбар лавозимига тайинланганидан уч кун ўтиб ПФЛ директорлигига сайланган Шоқурбонов ҳам ўз аризасига кўра ишдан кетди. 

2020 йил бошларида академияларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Онгар Жалимов ўз аризасига кўра ишдан кетганди.

Кўриб турганингиздек, ЎФА таркибий тузилмасидаги ўзгаришларни жимгина амалга оширишни афзал билади. Нега? Бунинг сабаблари эса афсуски, бизга қоронғу.

ЭРМАТОВ ЎЗИ БЕРГАН 10 ВАЪДАНИ УНУТДИМИ?

Баъзи хабарларга кўра, ЎФА президенти коррупция ва қинғир ишлардан футболни тозалашни қўл остидаги ходимлардан бошлаганлиги маълум. Шу ўринда яна бир маълумотга эътибор қаратинг. ЎФА раҳбари республикада асосий иши ўта масъулиятли бўлишига қарамасдан, футболда 10 га яқин очиқ йиғилишларда бевосита иштирок этган. Аҳамиятлиси, уларнинг деярли барчасида ЎФА иш фаолияти танқид остига олинган. Шу билан бир қаторда ечилмай қолаётган баъзи масалаларни йиғилиш жараёнида ҳал этиб берган. Футбол клубларининг молиявий таъминланишига, ҳудудий футбол федерацияларига маблағ ажратилишига катта ёрдам берган. 

ОАВ интернет дунёсида Равшан Эрматовдан ташқари барча ЎФАдагилар ўзбек футболи учун ҳеч нарса амалга оширмаганлигини бонг урган Алишер Аминовга бу маълумотлар сир тутилганмикин.

Эрматов лавозимни эгаллагандан кейин ўтказган илк матбуот анжуманида ЎФАда бажарилиши лозим бўлган 10 та муҳим масала ҳақида сўз юритганди. Хўш, улар  қанчалик амалга оширилганини таҳлил қилиб чиқсак.

— Биринчидан, футболда адолат ўрнатиш, келишилган ўйинлар ва тотализаторларни йўқотиш энг биринчи қиладиган ишимиз. Бу масалани биринчи бор кўтараётганимиз йўқ. Футболда адолат бўлмаса у ҳеч қачон ривожланмайди. Амир Темур бобомиз бежизга “Куч – адолатдадир” деб айтмаганлар. Хатто, дунёдаги энг кучли ҳакамлар ҳам хато қилади, футбол хатолардан иборат. Аммо атайин қилинган хатолар жазосиз қолмайди. Бугунги кунда ЎФА қошида келишилган ўйинларга қарши кураш бўлими фаол ишламоқда.

Катта ва ечимини топиш мушкул бўлган муаммо. Ўтган бир йил давомида Пролигадан бир икки жамоа четлатилганини ҳисобга олмаганда, бу борада қандай чоралар кўрилди? Суперлиганинг 2019 йилги сўнгги тур ўйинларидаги “ўйинлар”... “Бухоро” ва АГМК ўртасидаги баҳсда сўнгги дақиқалардаги пенальти... “Насаф”нинг ўз майдонида аутсайдерга ютқизиб қўйиши, ҳаммадан бир бош баланд “Пахтакор”нинг “Бунёдкор”дан енгилиши...

Ҳа-я, узр “футбол хатолардан иборат”ку.

— Иккинчидан, футболимизда фахрийларимизга ҳурмат кўрсатиш. Тарихсиз келажак йўқ деган мақол бор. Агар биз тарихни ҳурмат қилмасак келажакни ҳам ҳурмат қилмаган бўламиз. ОФК ёки ФИФАдан келган мутахассисларга футбол Ўзбекистонга кеча кириб келмаганини кўрсатишимиз керак. Шу боис ЎФА биносидаги кичик музейни қайта ташкил этдик. Ўзбекистонда илк бор футбол ўйини 1912 йил Қўқонда ўйналганини барча билади. Яқин кунларда ўзбек футболи фахрийлар кенгашини қайта тиклаймиз. Уларга ЎФА биносида алоҳида хона ажратамиз.

Тарихни эсга олсак, ЎФА мажлислар залида юбилей ёшига етган фахрийларни тақдирлаш маросимлари ўтказилган. ЎФА расмий сайтида бирортаям бу каби тадбир ёритилмади. Менимча бу йил футбол фахрийлари юбилей ёшига кирмаган шекилли. Карантин даврида кўп соҳа вакиллари фахрийлар, нафақахўрлар ҳолидан хабар олиб турди. ЎФА бу каби ишларни амалга оширсаям сир тутармикин.

— Учинчидан, мухлислар масаласи. Ўзбек футбол мухлислари жуда ҳам талабчан. Мухлислар футболнинг ҳақиқий жонкуярлари, биз стадионларни сунъий равишда тўлдириш фикридан воз кечамиз. Босқичма-босқич ривожланишни олиб борсак мухлислар стадионларга оқиб кела бошлашади. Аммо баъзида севимли клуби мағлубиятга учраганда мухлислар томонидан номақбул сўзлар айтилаётгани кузатилмоқда. Шу боис мухлислар кенгашини ташкил қилишга қарор қилдик.

Мухлислар борасида биргина онлайн чипта савдосини амалга оширганини ҳисобга олмасак, ҳеч қандай жиддий иш амалга оширилмади. Чемпионат ўйинларида стадионлар қай аҳволда бўлганлигини ТВдан кўргандирсиз. Ҳарқалай собиқ вице-президент Аҳмаджонов бу ишларда анча талабчан эди.

— Тўртинчидан, мураббийлар ва футболчилар ҳақида. Футболни футбол қиладиганлар мураббий ва футболчилар. ЎФА ходимлари футболга хизмат қилиш учун келдик. Мендан бошлаб ташкилотнинг ҳар бир ходими футболимиз хизматчиси. Энди мураббийлар ва футболчилар дардини кўпроқ тинглаймиз. Ҳамда бир пайтлар бўлган мураббийлар кенгашини қайта тиклаймиз. Бу кенгашда ўзбек футболи тарихи ва замонавий футболни яхши тушунадиган мураббийлар бўлишади. Футболдаги ҳар бир хато уни бир неча йил орқага суриб юбориши мумкин.

ФИФАдан келаётган қатор-қатор санкциялар ЎФАнинг клублар билан ишлаши қанчалик амалда эканлигини кўрсатиб бермоқда. Бундан ташқари, мураббийлар сифати ва самарадорлиги, футболчилар қўнимсизлигига барҳам бериш бўйича дастур ёки қарор қабул қилинмади. Бу йўналишда ортда қолган йилда ҳам эски анъаналар давом этди.

— Бешинчидан, болалар футболи ҳақида. Бутун дунёда футболнинг пойдевори ва устуни ҳисобланади. Юртимизда жуда кўплаб футбол мактаблари ва академиялар мавжуд. Яқинда иккита футбол академиясига бориб кўрдик. Очиғини айтсак вазият жуда оғир. Яна бир муаммо болалар футбол мусобақалари жуда кам. Болалар футбол мусобақалари аслида ҳар бир маҳаллага кириб бориш керак. Ўзимизда ҳам болалар футболига бефарқ бўлмаган мутахассислар кўп. ОФК, ФИФА вакиллари ва ўзимизнинг мутахассисларни йиғиб гаплашамиз.

Ҳа, болалар футболида ҳам ЎФА ажойиб ишга қўл урди. Ўз ҳузурида бўлган 14та ҳудудий футбол академиясини Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига топширди. Ишонинг, академияларнинг аҳволи бу билан яхши томонга ўзгариб қолмайди. Шунчаки, бюджет маблағлари кўкка совурилиши давом этади. Футболда ёмон иллатга айланган ёш кичрайтириш, иқтидорли ёшларни эътиборсиз қолдириш каби муаммолар ечими сифатида кўрилган ягона электрон тизим ҳам ҳалигача амалиётга татбиқ этилмади. Айтганча, ЎФА ижроқўм йиғилишида бу масала бажарилган деб ҳисобот берилган.

Болалар футболида катта муаммо бу ўйин амалиёти етарли эмаслиги. Афсуски, бу борада аниқ режа (карантинни баҳона қилишмасин) дунё юзини кўргани йўқ.

— Олтинчидан, терма жамоалар ҳақида. Сентябрь ойида миллий терма жамоамиз ЖЧ-2022 саралашини бошлайди. Ўша ойда Ўзбекистон U-16 терма жамоаси Тошкентда Осиё чемпионати саралашида қатнашади. Ноябрь ойида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Осиё саралашида иштирок этишади. Ҳар бир терма жамоа мураббийлари билан суҳбатлашдик ва уларга керакли шароитлар яратиб берилишини маълум қилдик.

Миллий терма жамоадан Эктор Куперни ишдан олишди. Шундан кейин, ўсмирлар терма жамоасидан Азамат Абдураимов, ёшлар терма жамоасидан Отабек Ғуломхўжаев ишдан олинди. Аммо шароит ва эътибор борасида тайинли иш қилингани шубҳали. Бунга яққол мисол: терма жамоаларимиз томонидан ўтказилган ўйинларга эътибор қаратинг. Асосий жамоа ўз майдонида Саудия Арабистонига мағлуб бўлди. Ўсмирлар бир амаллаб Осиё чемпионати финал босқичига чиқди. Ёшлар терма жамоамизнинг  саралаш ўйинларидаги антиқа қилиқлари санкция ва огоҳлантириш келтирди. Ўртоқлик ўйинлари ўтказиш борасида ҳам “фаол”ликни йўқотдик. Токио олимпиадаси йўлланмаси учун керагидан ортиқ шароит яратиб берилган бўлса-да, вазифа бажарилмади. Бу гал ҳам силлиққина айбдор сифатида бош мураббий Друлович ишдан бўшатилди.

— Еттинчи масала – бу ЎФА ва ПФЛ. Бундан буёғига ЎФА, ОФК, ФИФА, спорт вазирлиги ва МОҚ билан яқиндан дўст бўлиб футбол манфаатларини устун қўядиган ташкилотга айлантирмоқчимиз. Футболда ишлайдиган ҳар бир ходим ўз йўналишини чуқур биладиган мутахассис бўлиши керак. ЎФА ва ПФЛда ишлаётган ҳар бир ходимни малакасини ўрганиб чиқамиз. Жамоалар ПФЛга эмас, ПФЛ жамоаларга ёрдам бериши ва хизмат қилиши керак.

ПФЛ директорининг алмаштирилиши нега амалга оширилди? Бу йўналишдаги ишларга Диёр Имомхўжаев томонидан киритилаётган креативликни, шаффофликни ҳисобга олмаганда ҳаммаси ўша-ўша. Спорт ташкилотлари билан яқин дўст бўлишга келсак, футбол ҳали ҳануз, спорт муассасаларида етарли шароитга эга бўлмай келмоқда.

— Саккизинчи масала – бу ҳакамлар. Очиғини айтиш керак, ҳакамлик мавзуси футболимизнинг энг оғриқли нуқтаси. Ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолган мавзу бу. Футболнинг савиясини оширишга уриняпмиз, аммо ҳаваскор ҳакамлар туфайли савияни тушириб қўймоқдамиз. Ҳакамлар орасида ҳайдовчилар ҳам бор, завод ишчилари ҳам бор. Ҳакамларни профессионалликка олиб ўтишимиз керак. Ҳакамлардан сифат талаб қилишдан олдин уларга малакасини оширишга шароитлар яратиб беришимиз керак. Шундан кейин, 100 эмас 200 фоиз талаб қилишимиз мумкин. ОФК ва ФИФА стандартлари бўйича ҳакамларни малакасини ошириш бўйича иш бошлашимиз керак. Бу ҳакамлар департаментига топширилган.

Ҳакамликда суяги қотган Эрматовдан бундай жиддий ва далилларга бой танқидни кўриб, рости футболимизда бундан буён умуман ҳакамлар муаммоси бўлмас экан-да, деб ўйлагандим. Афсуски, бу жамоа ўз “иши”ни тап тортмасдан бажариб келмоқда. Натижа ёки вазиятлар бўйича эътирозлар ортса ортдики, камаймади. Балки шу сабаб, раҳбарият Лутфуллин ишидан қониқмаган. Эрматов ўз сўзида ҳакамлар орасида ҳайдовчилар ҳам бор, завод ишчилари ҳам бор деб айтган. 2019 йилги ҳакамлар рўйхатида бўлган барча, 2020 йилда ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бундай қисқа муддатда ҳайдовчи ёхуд завод ишчиси профессионал бўлиб қолишини ўзбек футболидан бошқа жойда учратмасак керак.

— Тўққизинчидан, халқаро алоқалар. ЎФАда иш бошлаганимнинг илк кунларида ОФК президенти Шайх Салмон бин Халифа қўнғироқ қилди ва бу лавозимда омад тилади. Куни кеча юртимизга ОФК вакиллари ташриф буюришди. Яна бир мақсадимиз Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси билан яқин ҳамкорлик қилишни истаймиз.

Халқаро йўналишда кўп ишлар амалга оширилди. ОФК президенти ташриф буюрди.                    19 ёшгача ёшлар ўртасида Осиё чемпионати мезбонлиги тақдим этилди. УЕФА вакиллари келиб кетишди. Қатарга иш ўргангани бир қатор мутахассислар жўнатилди. Аммо буларнинг барчаси лаҳзалик воқеалар жамланмасидан ўзга нарса бўлмади. Эрматов ўз нуфузи ва дунё футболидаги ўрнидан келиб чиқиб, ривожланиш йўлида аниқ бирор бир иш амалга оширмади. Бундан кейин ҳам нимадир ўзгаришига ишониш қийин. Сабаби оддий, замонавий футболни истаган ташкилотда техник директор, маркетинг йўналишлари бир лаҳза бўлсада вакант бўлиб турмайди.

— Ўнинчидан, футзал ва аёллар футболи. Футзални олдингидек савияга олиб чиқиш устида иш олиб борамиз. Аёллар футболи йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Шуни тан олиш керак, баъзи аёллар эркаклардан ҳам яхши ўйнайдиган бўлиб кетди.

Футзал ва аёллар футболи бўйича ҳам ўтган йиллар билан солиштирганда ҳеч қандай жиддий ўзгариш ёки ислоҳот кўрмайсиз. ЎФАда катта эҳтимол билан бу йўналиш бош котиб Аваз Максумовни қизиқтиради, холос.

ОВЧИ КИМ-У ҚУЁН КИМ?

Хорижлик экспертлар фикр-мулоҳазалари билан чалғиб, 2019 йил декабрь ойида “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги Президент фармони имзоланганлиги ёдимдан кўтарилибди. Бу фармон аввал чиқарилган қарор ва фармонлардан тубдан фарқ қилиб, илова тариқасида 2030 йилга ривожлантириш концепцияси, йўл харитаси ва бошқа ҳужжатлар амалиётга татбиқ этилди. Бу фармоннинг чиқарилишида ЎФА президентининг ҳиссаси беқиёс бўлди. Фармон ижросини таъминлаш эса Ўзбекистондаги ҳар бир футболга масъул шахсга тегишли. Бу бўйича ҳам ишлар ўта суст амалга оширилмоқда. Бунга пандемияни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин, бироқ карантин бошлангунга қадар ҳам 3 ой давомида тайинли иш амалга оширилмаган.

Жаноб Аминов сўраган стратегия ва дастур ўрнини ҳозирча мана шу Фармон ва унинг иловалари бемалол босиб туриши мумкин. Бундан унумли фойдалана билиш ва амалиётга тезроқ киритиш лозим.

Шу ўринда Равшан Эрматовнинг бир йил давомида ҳудудларни бир неча марта айланиб чиққанлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Унинг вилоятларга ташрифини ЎФА матбуоти кенг ёритиб борган. Ҳудудлардаги муаммо ва камчиликларни ўз кўзи билан кўрган раҳбар, уларнинг ечими борасида нимадир амалга оширганини ҳақида, афсуски, ЎФА матбуоти ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермаган. Эрматов томонидан янграган яна бир жумла ўта таъсирли. Ўша илк матбуот анжуманида берилган бир саволга жавоб шундай эди:

—  Равшан Эрматов ҳакамлик фаолиятини давом эттирадими? 

— Бошида мен ҳам шундай ўйлаган эдим. Аммо футболнинг ичига кирганимдан кейин тушундимки, бу жуда қийин экан. Бир вақтнинг ўзида иккита қуённинг кетидан югурадиган бўлсак, иккаласини ҳам қўлдан бой беришингиз мумкин. Олдимдаги энг асосий мақсад – ўзбек футболи ҳақида бош қотириш. Менга халқаро фаолиятимни давом эттириш имконияти берилди, аммо вақт кам. Бир ишга қўл урдикми, боримизни беришимиз керак.

Ҳа, у шу ўринда ҳақ гапни айтганлиги ўз исботини топмоқда. 2020 йилнинг 8 февралидан Равшан Эрматов Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига ҳам тайинлов олди. Шунинг ўзи икки қуён ортидан қувиш эмасми? Шундай экан ўзбек футболининг жарга қулаётганига яна қанча томошабин бўлиб туриш мумкин? 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 215
Рейтинг: 3.1
t
×