Тўқаев ва Путин бир-бирига мутлақ ишонмайди – Раббимов
Олам
−
30 Ноябрь 2022
7941Қозоғистонда ўтган президент сайловидан кейин Президент Қосим-Жомарт Тўқаев илк хорижий ташрифни Россияга амалга ошириши – тинчлантириш ташрифи. Қолаверса, Тўқаев Путинни сазойи қилмаслик учун ҳам унинг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида иттифоқ тузиш таклифига рози бўлган. Бу ҳақда ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг Telegram’даги каналида ёзиб чиқди.
“Тўқаевнинг Россияга ташрифини чуқурроқ тушуниш муҳим. Кейинги уч йил давомида, Тўқаев ва Путиннинг муносабатлари совуқ, улар ўзаро бир-бирига мутлақ ишонмайди. Лекин, дипломатик мулозамат қилишга мажбур. Путин Украина билан банд. Қозоғистонга иккинчи фронтни оча олмайди. Ресурс етмайди. Тўқаев ҳам сайловдан кейинги ўзининг биринчи ташрифини Россиядан бошлади.
Бу “тинчлантириш ташрифи” дейилади: тинчлан, мен сенга душман эмасман, мен сенга қарши бормайман. Агар ўзинг мени худудим ва мустақиллигимни ҳурмат қилсанг, душман бўлмаймиз”, дейди Раббимов.
Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Қозоғистон элитаси Путиннинг сиёсий умри катта тезликда қисқариб бораётганини яхши тушунади. Шу боис у саросимага тушган пайт, уни қаҳр-ғазабини Қозоғистонга йўналишига имкон бермаслик керак.
“Москвага бориб, Путинни тинчлантириш муҳим эди. Энди, Москва томонидан “келинг, учлик иттифоқи тузайлик!” деган таклифга, Тўқаев “йўқ” деб жавоб берса, меҳмонга бориб мезбонни яна сазойи қилган бўлади.
Ўтган сафар Питерда Путиннинг ёнида ўтириб “мен сени ДХР ва ЛХРларингни тан олмайман!” дегани ҳалига қадар Путинни асабига тегади. Шунинг учун, бу сафар ҳам Путинни асабийлаштирмаслик учун “ҳа, майли, бўлса бўла қолсин шу иттифоқ!” деб қутилди. Лекин, бу иттифоқ Қозоғистонга оғир юк бўлади, буни Тўқаев яхши тушунади”, дейди Раббимов.
LiveБарчаси