Тўқаев пойтахтдан Назарбоевнинг номини ўчиришга рухсат берди
Олам
−
13 Сентябрь 2022
9022Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрига аввалги номи – Остонани қайтариш таклифи конституциявий қонун лойиҳасига киритилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилди.
“Маълумки, бир гуруҳ парламент депутатлари Қозоғистон пойтахтига аввалги номи – Остона шаҳрини қайтаришни таклиф қилган. Президентга бу ташаббус ҳақида депутатлар маълумот берди. Улар ўз навбатида аҳоли билан учрашувлар чоғида қайта-қайта билдирилган таклифлар, шунингдек, референдум жараёнида фуқароларнинг кўплаб мурожаатларига таянди”, дейди матбуот котиби.
Шунингдек, у конституциявий қонун лойиҳасига парламент депутатларининг таклифи давлат раҳбари розилиги билан киритилганлигини таъкидлаган.
“Шу билан бирга, президентимиз аввалги Президент Н.А. Назарбоевнинг Қозоғистоннинг замонавий давлатчилигини мустаҳкамлаш ва пойтахтнинг шаклланишидаги ҳал қилувчи ролини тарихий ҳақиқат деб билади. Шунинг учун Биринчи Президент номидаги бошқа объектлар ўз номини сақлаб қолиши керак”, дейди Желдибай.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон парламенти аъзоларидан иборат “Жана Қозоғистон” (Янги Қозоғистон) депутатлар гуруҳи мамлакат пойтахтига Остона номини қайтаришни таклиф қилган эди.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон пойтахти 2019 йилнинг март ойида республикани қарийб 30 йил бошқарган Назарбоев президентликдан кетганидан кейин Остона номидан Нур-Султонга ўзгартирилди. Бунгача мамлакат парламенти сенати (юқори палатаси) раиси лавозимида ишлаб келган Қосим-Жомарт Тўқаев давлат раҳбари бўлди. Тўқаев лавозимга киришгач, мамлакат пойтахти Остона шаҳрини биринчи президент шарафига Нур-Султон деб ўзгартиришни таклиф қилди. Шу куни парламент Конституцияга тегишли тузатишларни қабул қилди. Назарбоевнинг ўзи ҳам унинг шарафига ном ўзгартиришга қарши эканлигини бир неча бор таъкидлаган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь