Тўқаев Москва патриархини мукофотлади

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 17 сентябрь куни Москва ва Бутун Рус Патриархи Кириллни Қозоғистон ва Россия халқлари ўртасидаги маънавий алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ва алоҳида ҳурмат белгиси сифатида “Олтин Қирон” ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.

Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл Остона шаҳрига Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII қурултойида иштирок этиш учун борган. Тўқаев уни қабул қилди ва бугунги учрашув Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлишини таъкидлади.

“Аввало, қурултой давомида биз билан бирга бўлишга қарор қилганингиз учун сизга самимий миннатдорлик билдирмоқчиман. Сизнинг иштирокингиз, аслида, ушбу Форумнинг кўзланган муваффақиятига эришиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Биз сизни самимий ҳурмат қиламиз. Қозоғистон ва Россия стратегик шериклар, иттифоқчилар эканини биласиз”, деди Тўқаев.

Патриарх Кирилл ҳам Қосим-Жомарт Тўқаевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Рус православ черковининг миссияси доимо тинчлик ва одамлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бўлганини таъкидлади.

“Муборак юртингизга ташриф буюриш мен учун доимо ижобий ҳис-туйғулар билан бирга бўлган ва ҳозир ҳам бу давом этмоқда. Қозоғистон – дўст давлат. Биз ҳақиқатан ҳам асрлар давомида бирга яшадик. Ҳозир давлатлар ҳар хил, аммо бу бизни дўстлик, ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик ришталарини сақлаб қолишимизга тўсқинлик қилмайди”, деди Москва Патриархати раҳбари.

Қайд этиш жоиз, ҳозирда Остона шаҳрида Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII қурултойи бўлиб ўтмоқда. Қосим-Жомарт Тўқаев қурултойнинг “Динлар мулоқоти: келажак учун синергия” мавзуидаги ялпи мажлисида иштирок этмоқда.

Маълумот учун, “Олтин Қирон” Қозоғистон Республикасининг энг юқори даражали ордени бўлиб, у билан Қозоғистон Республикаси олдида алоҳида хизмат қилган шахслар тақдирланади. “Олтин Қирон” ордени билан тақдирланишга номзодлар Қозоғистон Президенти томонидан белгиланади.

Шу пайтгача ушбу орден билан Россия Федерацияси президенти Борис Елцин (1997 йил 27 февраль), Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов (1997 йил 2 июнь), Украина президенти Леонид Кучма (1999 йил 7 сентябрь), Хитой Халқ Республикаси раиси Цзян Цзэминь (1999 йил 19 ноябрь), Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироличаси  Елизавета II (2000), Германия канцлери Герхард Шрёдер (2003 йил 5 декабрь), Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин (2004 йил 8 январь), Миср президенти Муҳаммад Ҳусни Муборак (2008 йил 13 май), Япония  императори Акихито (2008 йил 30 май), Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Халифа бин Зайед Ол Наҳаён (2009 йил 20 февраль), Финляндия президенти Таря Ҳалонен (2009), Корея Республикаси президенти Ли Мён Бак (2009 йил 4 май), Франция Республикаси президенти Николя Саркози (2009 йил 5 октябрь), Туркия президенти Абдулла Гул (2012), ўша пайтдаги Туркия бош вазири  Ражаб Тойиб Эрдўған (2012), Испания қироли Хуан Карлос I (2013 йил 1 февраль), ўша паайтдаги Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов (2022), Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул-Азиз Ол Сауд (2022), Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев (2022 йил 23 август), Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин (2022 йил 14 сентябрь), Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний (2022 йил 11 октябрь), Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон (2023 йил 2 май), Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев (2024 йил 8 август), Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II ибн Ҳусайн (2025 йил 19 февраль) ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров (2025 йил 22 август) мукофотланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Патриарх Кирилл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг