Тўқаев хавотирда. Қозоғистонга фавқулодда ҳолат қайтадиганга ўхшайди

Олам

image

Қозоғистонда фавқулодда ҳолат режими эълон қилиниши орқали Ҳукумат  мамлакатда коронавирус тарқалишини бироз жиловлаган. Бироқ фавқулодда ҳолат режимининг бекор қилиниши карантин қоидаларининг сурункали бузилишига олиб келган. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида ўтган йиғилишда сўз борди. 

“Жорий йилнинг 11 май куни чекловлар олиб ташланганидан буён коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари 7 баравар кўпайди. Бу кўп жиҳатдан бир қатор давлат органлари ишидаги камчиликлар билан боғлиқ. Таъкидлаш керакки, марказий ва маҳаллий даражадаги давлат бошқаруви тизими фавқулодда ҳолатлардан ташқарида самарали ишлашга тайёрланмаган. Идоралараро комиссия ўзига юкланган вазифани бажара олмади. Тан олиш керак, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари ишини мувофиқлаштиришни таъминлай олмади”, дейди Тўқаев.

Қайд этилишича, амалга оширилмаган ва самарасиз чоралар вируснинг меҳнат жамоаларида, муҳим соҳаларда тарқалишига олиб келган. Инфекциянинг кенг тарқалиши Атирау вилоятидаги Тенгиз конида қайд этилган бўлиб, у ерда 1222 та коронавирус инфекцияси юқтирган ишчилар аниқланган. 

Олма-отада эса нафақат фуқаролар, балки тиббиёт ходимлари орасида ҳам касаллик юқори даражада аниқланган. Пойтахт Нур-Султондаги кўплаб ташкилотлар санитария талабларини бузишда давом этган. Ҳудудларда шифохоналардаги тўшаклар, тиббиёт ходимлари, дори-дармонлар ва тиббий жиҳозларнинг етишмовчилиги мавжуд.

Давлат раҳбари ҳолат бўйича муносабат билдираркан, Нур-Султон ва Олма-ота шаҳар ҳокимлари А.Кулгинов ва Б.Сагинтаевни қаттиқ танқид қилди. Чимкент, Ақтўбе ва Павлодар вилоятлари ҳокимлари М.Айтенов, О.Уразалин ва А.Скаков ва идоралараро комиссия раҳбари Э.Туғжановга огоҳлантириш берди. 

“Мен Атирау, Костанай, Ғарбий Қозоғистон вилоятлари ҳокимларини тегишли ҳудудлардаги вазиятни тўғирлаш зарурлиги тўғрисида огоҳлантиряпман. Бу барча соҳалардаги раҳбарларга ҳам тегишли. Вазият самарасиз ахборотлаштириш туфайли янада кучаймоқда. Бизнинг аҳоли билан мулоқот тизимимиз яхши ишламаяпти, ахборот фонига кун тартибидаги салбий босим таъсир қиляпти, шифокорларнинг қаҳрамонликлари кўринмаяпти”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.

У сўзида давом этаркан, мавжуд эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича шошилинч чораларни кўриш учун Бош базир раҳбарлигидаги тегишли Давлат комиссиясига икки кун муддатда март ва май ойларида бўлгани каби карантин режимини жорий қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқишини буюрди.

Маълумот ўрнида, Қозоғистонда коронавирусга чалинган 21 327 киши аниқланган. Улардан 13 008 нафари соғайган, 183 нафари вафот этган. Беморлар орасида мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳам бор. Назарбоев маъмурияти жорий йилнинг 18 июнь куни унда коронавирус аниқланганини хабар қилган эди. Орадан кўп ўтмай, у ўзини изоляцияга олиб, фалиятда давом этаётгани хабар қилинди. Орадан бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтди ҳамки расмий Нурсултон собиқ Президентнинг ҳолати ҳақида миқ этмаяпти. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Қосим-Жомарт Тўқаев Коронавирус

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг