Тўқаев Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловини ўтказмоқчи
Олам
−
01 Сентябрь 2022
9109Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистонда жорий йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар берди.
“Мен шу йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишни таклиф қиламан. Адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун халқнинг янги ишонч мандати зарур.
Мен учун давлат манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Шунинг учун мен ваколат муддатини қисқартириб, муддатидан олдин президентлик сайловларига боришга тайёрман”, дейди Президент.
Давлат раҳбари сўзида давом этаркан, Президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришни таклиф қилди.
“Шунингдек, Президент ваколатларининг сони ва муддатини қайта кўриб чиқиш зарур. Мен президентлик муддатини 7 йиллик бир муддат билан чеклашни тавсия қиламан. Аммо қайта сайлаш тақиқланади”, дейди Тўқаев халққа йўллаган мурожаатида.
Президент, шунингдек келгуси йили Қозоғистонда парламент ва масъуллар депутатлари сайлови бўлиб ўтиши, шундан сўнг ҳукумат тузилишини айтиб ўтган.
Умуман олганда, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2023 йилдан бошлаб мамлакатда барча асосий сиёсий институтлар қайта ишга туширилади ва янгиланади.
“Янги сайлов циклини ўтказиш вақти ва кетма-кетлигини жамоатчиликка ошкор этиш бўйича қарорлар қабул қилишда очиқлик тамойилларига риоя қилинади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 19 март куни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлат раҳбари лавозимини тарк этди. Эртаси куни Қозоғистон Сенатининг (парламент юқори палатаси) собиқ раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев қасамёд қилиб, мамлакат Президенти лавозимига киришди. Қозоғистонда 2019 йил 9 июнь куни навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди ва унда Тўқаев 70,96 фоиз овоз тўплаган ҳолда ғалаба қозонди. Республикада Президент сайлови ҳар беш йилда бир марта ўтказиларди.
LiveБарчаси