Тўқаев Москвада мастер-класс кўрсатди

Таҳлил

image

Қозоғистон Президентининг Россияга давлат ташрифи ҳақидаги хабар ўтган йил ноябрида эълон қилинган эди. Ўшанда Владимир Путин ҳам худди шундай давлат ташрифи билан Остонага келганди. Шу пайтнинг ўзидаёқ таъкидланганки, бу Қозоғистон-Россия муносабатлари тарихидаги биринчи давлат ташрифи бўлади – яъни энг юқори дипломатик мақомга эга сафар бўлиб, икки давлат ўртасидаги алоҳида дўстона муносабатларни таъкидлайди.

Тўқаевдан олдин мамлакатни 30 йилдан ортиқ бошқарган Нурсултон Назарбоев Россияга бир неча маротаба борган, аммо унинг барча ташрифлари ишчи ёки расмий мақомга эга бўлган. Худди шундай, 2019 йилдан бери Қозоғистон Президенти лавозимида бўлган Қосим-Жомарт Тўқаевнинг илгари Россияга қилган барча ташрифлари ҳам расмий ёки ишчи мақомда бўлган.

Шу боис Қозоғистоннинг етакчи ОАВ Тўқаевнинг Москвага қилган ташрифи билан боғлиқ ҳар бир тафсилотга катта эътибор қаратди. Бу тафсилотларнинг кўпчилиги 2024 йилдаги Путиннинг Остонага давлат ташрифи билан деярли бир хил бўлди.

11 ноябрь куни Қозоғистон Президентининг самолёти Россия чегарасидан ўтар экан, уни Москвагача Су-35 жанговор самолётлари кузатиб борди. Қозоғистон ва Россия байроқлари, шунингдек “Қозоғистон Республикаси Президенти, Қосим-Жомарт Тўқаев Жаноби Олийлари, хуш келибсиз” деган катта баннерлар президент кортежи йўли бўйлаб илинган эди. Президент Остона рақамли Aurus Senator лимузинида ҳаракатланди – бу ҳам диққатга сазовор ҳолат, чунки Тўқаевнинг асосий хизмат автомобили одатда Mercedes-Maybach S-Class’нинг сўнгги модели ҳисобланади.

Бироқ Москва аэропортида Қозоғистон раҳбарини шахсан Путин эмас, балки Россия Бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров кутиб олди. Шунга қарамай, бошқа барча дипломатик протокол талаблари – қизил йўлак, фахрий қўриқчи ва икки мамлакат давлат мадҳияларининг ижро этилиши – тўлиқ бажарилди.

Москвадаги музокаралар якунлари

12 ноябрь куни Москвада ўтказилган музокаралар якунида Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни “Кенг қамровли стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик даражасига кўтариш тўғрисида”ги илгари эълон қилинган декларация имзоланди.

Ҳужжатда қуйидаги йўналишлар белгиланди:

  • барча даражадаги сиёсий алоқаларнинг юқори суръатда ривожланишини қўллаб-қувватлаш;
  • Россиянинг Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини тўлиқ қуриб битказиш бўйича мажбуриятини бажариши;
  • рус тилини МДҲ доирасида давлатлараро мулоқот воситаси сифатида илгари суриш;
  • Байқонурда ҳамкорликни ривожлантириш.

Шунингдек, декларацияда ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар манфаатига зарар етказмасдан таъминлаш принципи мустаҳкамланди, кўп қутбли дунё қуриш, Евроосиёда тенг ва бўлинмас хавфсизлик архитектурасини яратиш ғояси қўллаб-қувватланди.

Ҳужжатда молиявий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро савдода миллий валюталардан фойдаланиш орқали иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, энергия ресурсларини эркин транспортировка қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Тўқаев ва Путин имзолаган декларацияда Қозоғистон ва Россия фуқароларининг бир-бирининг ҳудудида бўлиш шароитларини яхшилаш ҳамда тез тугаб бораётган Каспий денгизи сув ресурсларини сақлаб қолиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам ўз ифодасини топган.

Шу билан бирга, бир қатор ҳужжатлар имзоланди, жумладан:

  • учинчи мамлакатларга экспорт-транзит темирйўл юк ташиш бўйича ҳукуматлараро келишув;
  • “Союз-5” ва “Байтерек” космик ракеталари мажмуаларини синовдан ўтказиш бўйича қўшма комиссия тузиш тўғрисидаги келишув;
  • Россиянинг Оқтау шаҳрида бош консулхона очиш тўғрисидаги келишув.

Ниҳоят, томонлар икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини йилига 30 миллиард долларга етказиш ниятини эълон қилди.

Тўқаевдан мастер-класс

Қасим-Жомарт Тўқаев Владимир Путин билан тўғридан тўғри мулоқотни Москвага келганидан бир неча соат ўтгач ўтказди. Улар Кремлнинг Сенат саройидаги норасмий учрашувда 2,5 соат давомида суҳбатлашди. Суҳбат аввалида муҳокама анча совуқ ва расмий тусда бўлган, аммо бу ерда Тўқаевнинг дипломатик маҳорати ўз сўзини айтди.

Путиннинг ҳиссий руҳдаги таклифи — “Келинг, менинг Кремлдаги квартирада бир пиёла чой-кофе ичайлик” деганига, Тўқаев жиддий ва табассумсиз тарзда жавоб берди:

“Таклифингизни қабул қиламан. Ҳақиқатдан ҳам, бугун норасмий муҳитда фикр алмашишимиз мумкин. Менда сизни катта ўртоқ сифатида қизиқтириши мумкин бўлган баъзи қарашлар бор”, деди Путиндан атиги бир ёш кичик бўлган Тўқаев қуруқ ва протоколга ўхшаш оҳангда. 

“Deutsche Welle”нинг Останадаги ҳукумат тузилмаларидаги манбасининг айтишича, Тўқаевнинг Путин билан мулоқотдаги совуқ муносабатининг сабабларидан бири – Россия ОАВнинг ахборот ҳужумлари бўлган.

Бу ҳужумлар Қозоғистон Президентининг 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – АҚШ” саммитида Дональд Трамп билан учрашувидан кейин кучайган. Москва сафаридан олдин Россиядаги қатор таъсирли нашрларда Тўқаев манзилига танқидий фикрлар ёзилди:

  • Қозоғистондаги вольфрам конларини америкалик компанияларга ишлаб чиқиш учун бергани;
  • ҳамда Трамп фаолиятини ижобий баҳолаб, уни “кўкдан юборилган дунё қутқарувчиси” деб атагани учун.

Шу ҳолатлар Тўқаевнинг Москвага давлат ташрифи пайтида эҳтиёткор ва сўзларини ўлчов билан танлайдиган дипломат сифатида ҳаракат қилишга ундади.

Ҳукумат амалдорининг кузатишича, бундай айбловлар асоссиз ва хафагарчилик туғдиради, чунки Қосим-Жомарт Тўқаев барча жаҳон раҳбарларига нисбатан ҳурмат ва дипломатик нейтралликни сақлайдиган ягона сиёсий йўналишга эга.

Манбанинг сўзларига кўра, Тўқаев турли давлат раҳбарлари ҳақида ҳамиша эҳтиром билан гапирган:

  • Си Цзиньпинни у “буюк давлат арбоби” деб атаган,
  • Владимир Путинни — “глобал миқёсдаги сиёсатчи” деб таърифлаган,
  • Илҳом Алиевни — “тарихий даражадаги етакчи” сифатида тилга олган.

Шунингдек, у Франция раҳбари Эммануэль Макрон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистоннинг бошқа шериклари ҳақида ҳам ижобий фикр билдирган. Манбанинг таъкидлашича, Трамп ҳақидаги илиқ сўзлар ҳам бу тизимнинг бир қисми бўлиб, бу алоҳида ҳолат эмас, балки дипломатик мулоқот услубининг бир қисмидир.

Тўқаевнинг вазиятни тез англаб, кутилмаган ҳолатларда ҳам ўзини тинч ва аниқ йўналишда тутиш қобилияти 12 ноябрь куни Кремлдаги музокаралар пайтида ҳам яққол кўринди. Президент Қозоғистон раҳбари сифатида Россияга давлат ташрифини 2025 йилнинг асосий воқеаси деб атади ва шундай деди:

“Қозоғистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари – бу шунчаки сиёсий одоб ёки гўзал ибора эмас, балки янги геосиёсий ва тарихий реалликдаги ҳамкорлигимиз моҳиятидир”.

Шубҳасиз, Путинга ҳам Тўқаевнинг оммавий чиқишда айтган қуйидаги сўзлари ёққан бўлса керак:

“Биз Қозоғистонда Россия Президентини дунё миқёсидаги давлат арбоби сифатида тан оламиз ва ҳурмат қиламиз. Унинг номи бутун дунёда танилган ва рус халқи ҳамда бутун Россия давлатининг манфаатларини ҳимоя қилишдаги ирода ва ишонч рамзи сифатида қабул қилинади”.

Имтиёз ва тузатишларсиз

“Учрашувлар давомида Қосим-Жомарт Тўқаев ўзини илтимос қилувчи эмас, балки тенг шерик сифатида, диалогни бир даражада олиб борувчи етакчи сифатида намоён қилди”, деб таъкидлади Қозоғистон халқ дипломатияси маркази вице-президенти, сиёсатшунос Виталий Колточник. 

Унинг сўзларига кўра, Президентнинг Москвага давлат ташрифи чоғида Тўқаев “Остананинг кўп векторли сиёсатини энди кучлар марказлари орасидаги мувозанат эмас, балки бошқариладиган ўзаро боғлиқлик стратегияси” сифатида намоён этган.

“Бугун Қозоғистон стратегик мувозанат тизимини шакллантирмоқда, бунда ҳар бир йўналиш бошқасини мустаҳкамлайди. Масалан, Тўқаев Москвада Путин билан учрашувда қайтарилмас ва прагматик ҳамкорлик атамасини қасддан ишлатди. Шу билан у Россия билан иттифоқчиликни учинчи давлатларга қарши йўналтирилган сиёсий қадам сифатида қабул қилмаслик кераклигини кўрсатди”, дейди Колточник.

Шунингдек, сиёсатшуноснинг қайд этишича, Тўқаевнинг давлат ташрифи имтиёз ёки кўп векторли сиёсатни қайта кўриб чиқиш эмас, балки Қозоғистоннинг Евроосиё барқарорлигининг фаол меъмори сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш бўлган. 

“Яъни, Қозоғистон бугунги кунда дунёга мослашмаяпти, балки дунё Қозоғистонга мослашишни ўрганмоқда”, дейди Виталий Колточник.

Қозоғистон Президенти Москвадан учиб кетганда, у ердаги вақтга кўра соат тун ярими бўлган. Аммо бу ерда ҳам протокол нюанслари кузатилди: агар Путиннинг 2024 йилда Останага давлат ташрифи чоғида Тўқаев шахсан уни самолёт трапигача кузатган бўлса, Москвада Путин буни қилмади. У Қозоғистонлик санъат усталари концертидан сўнг, Буюк театрдаёқ меҳмони билан “илиқ хайрлашишни” афзал кўрди.

Внуково аэропортига на Путин, на Бош вазир биринчи ўринбосари Денис Мантуров борди. Президент Тўқаевни фақат Россия ҳукуматининг халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича раиси ўринбосари Алексей Оверчук кузатди – у Россия давлат иерархиясида бешинчи ўринда туради.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги кўплаб фойдаланувчилар учун давлат ташрифи чоғидаги энг эсда қоларли воқеа – бу Владимир Путиннинг илк бор Қозоғистон Президентининг исми ва отасининг исмини тўғри талаффуз қилгани бўлди: Қосим-Жомарт Кемелович. Илгари олти йил давомида Путин буни тўғри айта олмаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон Владимир Путин Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг