Тўғри нонушта учун 6 маслаҳат

Фойдали 8981
image

Нонушта, бундан осон иш бўлармикан? Ишга ёки ўқишга кетаётиб, йўл-йўлакай эрмак қилиш учун ошхондан ёки дўкондан бирор егулик олсангиз, шуда нонушта, дейсизми? Албатта, бундай эмас. Қуйида нонуштанинг муҳимлиги, тўғри нонушта учун нима истеъмол қилиш ва эрталаб нималарни ейишдан тийилиш кераклиги тўғрисида сўз боради. 

Барчамиз нонушта муҳим ва зарурлигини билсак-да, уни қилмаслик учун жуда кўп сабаблар топамиз. 

Нонушта қилмаслик учун энг кенг тарқалган 3 та баҳона:

•  Менда вақт йўқ;

•  эрталаб ҳеч нима егим келмайди;

•  мен парҳездаман.

Нега нонушта муҳим?

•  Нонушта кун давомида организм учун керак бўладиган минимал куч ва энергияни беради. У билан иш самарадорлиги ўртача 30 фоизга ошади;

•  нонушта кун давомида очликни назорат қилишдир. Нонушта қилган киши иш ёки дарс вақтида овқатланиш, очлик ҳақидаги хаёллар билан безовта бўлмайди;

•  нонушта хотира ва эътиборни яхшилайди. Нонушта қилган киши эса диққатни жамлашда қийналмайди ва маълумотни осон эслаб қолади. Бундай одамларнинг йўл транспорт ҳодисасига тушиб қолиш эҳтимоли жуда паст бўлади;

•  нонушта – стрессдан қутулиш. Эрталаб мунтазам ва тўғри овқатланадиган одамлар нонушта қилмайдиган ҳамкасбларига қараганда 50 фоизга кўпроқ стрессга чидамли бўлади;

•  нонушта – ортиқча вазндан қочиш йўли. Эрталаб яхши овқатланган киши, тушликда ортиқча овқатланмайди, ёғга бой бўлган, тез тайёр бўладиган, носоғлом овқатларга камроқ эҳтиёж сезади;

•  нонушта кайфиятни яхшилайди.

Кўриб турганимиздек нонуштадан воз кечмаслик учун етарлича сабаб бор. Шу билан бирга нонушта пайтида нима ейишимиз ҳам муҳимдир. 

Нонушта учун мос 6 маҳсулот:


1. Энг фойдали нонушта бу – ёрма. Ҳақиқат шундаки, бўтқа мураккаб углеводлар ва энергиянинг манбаи ҳисобланади. 

2. Балиқ ҳам кунни бошлашнинг энг яхши усулларидан биридир. Эътибор бериш керак бўлган ягона нарса – бу балиқнинг ёғли таркибидир. Ёғли балиқ нонушта учун тўғри келмайди, лекин қайнатилган ёки пиширилган балиқ жуда мос. 

3. Сабзавотлар ва мевалар ҳам организм учун куннинг яхши бошланиши демакдир. Бу, айниқса, вақти кам ёки эрталаб иштаҳаси бўлмайдиган баҳонакашлар учун ажойиб ечим. 

4. Қайнатилган тухум – тез, мазали, тўйимли ва энг содда нонушта. Агар унга яна кўкат ва майдаланган ёки пиширилган сабзавот қўшилса, нонушта учун деярли мукаммал вариант бўлади.

5. Қайнатилган, ёғсиз шўрва шошқалоқ ва эрталаб кучли овқат еёлмайдиганлар учун ажойиб имконият. Шўрва узоқ муддатли тўйинганлик ҳиссини беради. Ундан ташқари, овқат ҳазм қилишни нормаллаштиради ва танани муаммосиз уйғонишига имкон беради. 

6. Кефир ва йогурт ҳам нонушта учун мос келади. Агар уларни бўтқа ва қуритилган мевалар билан аралаштирилса янада ажойиб. Шунда микро ва макро элементларга бой тўлиқ нонушта бўлади. Шуниндек, очлик ҳисси узоқ вақт давомида безота қилмайди.

Нонуштада тавсия этилмайдиган маҳсулотлар:

•  Қовурилган гўшт, картошка, тухум билан нонушта қилмаган маъқул. Қовуриш бу маҳсулотларнинг барча афзалликларини йўқ қилади. Бундан ташқари, ҳали ярим ухлаб ётган танага ҳазм бўлиши қийин бўлган турли хил бирикмалар юкланса, кун бўйи тушунарсиз оғриқдан ёки ноқулайликдан азоб чекиш мумкин;

•  эрталабдан колбаса “сендвичи” ейиш шунчаки овқат ҳазм қилиш тизимини масхара қилишдир. Бундан ташқари, колбаса таркибдаги консервантлар, таъм кучайтиргичлар ва ранг берувчи моддалар туфайли соғлом маҳсулот ҳисобланмайди. Колбаса таркибида иштаҳани кучайтирадиган ва рағбатлантирадиган кўплаб қўшимчалар мавжуд. Уларнинг баъзилари қизилўнгач саратонига олиб келади;

•  чипс ва “сухарик”лар. Аввало, бундай маҳсулотлар таркиби ёғга жуда бой ҳисобланади. Шунингдек, ушбу маҳсулотни тайёрлаш учун энг арзон ёғ ишлатилади. Бундай маҳсулотларнинг таркиби таъм кучайтиргичларга бой бўлади, бу эса очликни дарҳол оширади. Энг ачинарлиси шундаки, ушбу маҳсулотлардан организм учун мутлақо фойда йўқ.

•  қадоқланган шарбатлар ҳам кунни бошлаш учун энг яхши танлов эмас. Аслида шарбатлар таркибига шакар қўшилмаслиги керак, аммо амалда барчаси бошқача.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 201
Рейтинг: 3
t
×