Тўдакўлда янги курорт барпо этилди
Жамият
−
19 Август 2020
14514Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳамкорлигида Тўдакўл кўли ҳудудида янги дам олиш маскани қад ростлади. QALAMPIR.UZ мухбири мазкур туристик зонанинг очилишида иштирок этди.
Мазкур дам олиш масканини қуриш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 июндаги “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланганди.
Қарор асосида Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилиги остида бухоролик фаол тадбикорлар томонидан Навоий ҳудудидаги Тўдакўл сув ҳавзаси қирғоғида замонавий талабларга мувофиқ “Silk Road Family Resort” сайёҳлик курорти барпо этилиб, соҳилбўйи дам олиш масканига айлантирилди.
Ҳозирда курорт ҳудудида қурилиш ишлари давом этяпти. Лойиҳа қурилиши 2022 йилда тўлиқ тугатилиши керак. Тўдакўл соҳили бўйида барпо этилаётган пляж, дам олиш ва соғломлаштириш маскани ҳамда аквапаркнинг умумий лойиҳа қиймати 6 млн AҚШ долларини ташкил этади.
Тўдакўл қирғоғига туташ бўлган 15 гектар майдонда мазкур объектнинг биринчи босқичида 500 нафар, иккинчи босқичида эса 1500 нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имконияти яратилади. Бу сайёҳлик дам олиш маскани ишга тушгач 150 дан зиёд янги иш ўринлари очилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа тўлиқ қувватда фаолият юритиши билан дастлабки даврда бир ойда камида 4,5 млрд сўм, кейинчалик эса 40 млрд сўмгача даромад бўлиши кутилмоқда.
Мажмуада сайёҳлик объекти пляж, бассейн, қуёш нурида тобланиш, аквапарк, кичик “Диснейланд”, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, дам олиш тапчанлари, кема кўринишидаги ресторан, ёзги терасса, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, автотураргоҳ ва махсус сув транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади. Бу масканга ташриф буюрувчилар учун очиқ осмон остида бир-биридан қизиқарли консерт ва шоу дастурлари ҳам намойиш этилади.
Мазкур дам олиш масканига кириш 5 ёшгача бўлган болалар учун бепул ҳисобланади, ёши катталар учун эса нархи ҳам ошиб боради.
Aҳрорбек Ҳайруллаев
LiveБарчаси