Трампнинг махфий маълумотларни яширганини исботловчи аудиоёзув тарқалди
Олам
−
27 Июнь 2023
5462АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг ёрдамчилари билан бўлган 2 дақиқалик суҳбатининг аудиоёзуви тарқалди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Аудиоёзув 2021 йил Нью-Жерси штатининг Бедминстер шаҳрида бўлиб ўтган учрашувдан ёзиб олинган бўлиб, у ерда Трамп ўзи ошкор қилмаётган махфий ҳужжатларни сақлашни муҳокама қилган. Аудиоёзувда янги тафсилотлар мавжуд бўлиб, улар махсус прокурор Жек Смит учун Трампни махфий маълумотларга нотўғри муносабатда бўлганликда айблашида муҳим далил бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Трамп ёзувда “бу ҳужжатлар” деган сўзларни айтган ва хонадагиларга кўрсатаётган нарсасига ишора қилиб, уларни “жуда махфий” деб атаган. Собиқ президентнинг бу сўзлари унинг ўтган ҳафта “Fox News” телеканали мухбири Брет Байерга берган интервьюсини инкор қилиши мумкин. У интервьюда ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмаслигини айтган эди.
“Ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди. Бу бир қанча Эрон ва шунга ўхшаш баъзи нарсалар ҳақида қоғозлар эди. Менда ҳужжат йўқ эди. Ошкор қиладиган ҳеч нарса йўқ. Булар газета, журнал ҳикоялари ва мақолалар эди, холос", деган Трамп.
Шунингдек, Трамп шу ой бошида Флорида штатидаги Мар-а-Лаго курортида сақланаётган махфий ҳужжатларни нотўғри ишлатиш билан боғлиқ бўлган 37 та айбловни тан олмаган.
Икки дақиқалик аудиоёзувда эса Трамп ва унинг ёрдамчилари собиқ президент ҳужжат "махфий маълумот" эканини айтганидан кейин Хиллари Клинтоннинг электрон почта хабарлари ҳақида ҳам ҳазиллашган.
“Биласизми, Хиллари буни исталган вақт чиқариб юборарди”, деган Трампнинг ходими аудиоёзувда.
Трамп эса буни инкор қилиб, Хиллари Клинтон буни Энтони Вайнерга юборарди, деган собиқ демократ конгрессменга ишора қилиб. Шундан сўнг хонада кулги кўтарилган.
Аудиоёзув Трампнинг 2021 йил июль ойида ўзининг Бедминстер курортида собиқ штаб бошлиғи Марк Медоузнинг хотиралари устида ишлаётган одамлар учун берган интервьюсидан олинган. Махсус прокурорнинг айблов хулосасида айтилишича, йиғилишда қатнашганларга – ёзувчи, ношир ва Трампнинг икки ходимига Эронга ҳужум режаси ҳақида махфий маълумотлар кўрсатилган.
Айблов хулосасида прокурорлар Трамп махфий маълумотларни хавфсизлик рухсатига эга бўлмаган одамларга кўрсатган, деб даъво қилмоқда.
“Аудиотасма собиқ президент Трамп ҳеч қандай хато қилмаганини яна бир бор исботловчи контекстни тақдим этади”, деган Трампнинг сайловолди ташвиқоти матбуот котиби Стивен Чунг баёнотида.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси