Трампга Марказий Осиё давлатлари иштирокида саммит ўтказиш таклиф қилинди
Жамият
−
22 Октябрь 5067 2 дақиқа
АҚШ Конгресси аъзолари Сидни Камлагер-Дав ва Билл Хёйзенга Президент Дональд Трампга дипломатик форумнинг 10 йиллиги муносабати билан Вашингтонда С5+1 саммитини ўтказишга чақирган мактуб йўллашди. Бу ҳақда Конгресс аъзоси Камлагер-Давнинг расмий веб-сайти хабар берди.
2015 йилда ташкил этилган С5+1 форуми АҚШнинг Марказий Осиёнинг бешта давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлиги учун кўп томонлама платформа ҳисобланади. Америка Қўшма Штатлари ташкил этилганидан бери ҳар йили унинг йиғилишларида қатнашади.
Мактубда конгрессменлар форумнинг юбилейи Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва АҚШнинг минтақадаги хавфсизлик, иқтисодиёт, юмшоқ куч ва бошқарув соҳаларида стратегик манфаатларини илгари суриш учун ноёб имконият эканини таъкидлаган.
“Президентнинг С5+1 саммитидаги шахсий иштироки форумнинг 10 йиллигини муҳим дипломатик лаҳзага айлантириши ва АҚШ-Марказий Осиё муносабатларининг кейинги ўн йилликдаги йўналишини белгилаши мумкин”, дейилади мактубда.
Қонунчилар, шунингдек, маъмуриятни Марказий Осиё билан узоқ йиллик ҳамкорлик йўналишларини мустаҳкамловчи аниқ саммит натижалари ва келишувларни ишлаб чиқишга чақирди.
Маълумот учун, С5+1 формати аслида 2015 йилда ташкил этилган. Ўшандан бери 2023 йил 19 сентябрда биринчи марта давлат раҳбарлари иштирокида саммит ўтказилди. Тадбирда АҚШ Президенти Жозеф Байден, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 27 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 79 йиллик сессияси доирасида С5+1 минтақавий дипломатик платформаси шафелигида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ Давлат котиби ўртасида учрашув бўлиб ўтганди.
Live
Барчаси