Трамп ЖССТга ултиматум қўйди. Муҳлат 30 кун
Олам
−
19 Май 2020
12245АҚШ Президенти Дональд Трамп ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесусга мактуб йўллади. Мактубда қайд этилишича, ташкилот кейинги 30 кун ичида “сезиларли яхшиланишни“ ўз зиммасига олмаса жиддий чоралар кўрилиши мумкин.
“АҚШ Президенти сифатидаги вазифамдан келиб чиқиб, агар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кейинги 30 кун ичида сезиларли яхшиланишларга эришмаса, мен ЖССТнинг молиявий маблағларини доимий равишда музлатиб қўйиш ва ушбу ташкилотга аъзолигимизни қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қиламан“, дейди Трамп.
У америкалик солиқ тўловчиларнинг пулларини АҚШ манфаатларига мос келмайдиган ҳаракатлар қилувчи ташкилотга сарф қилмаслигини билдириб ўтди.
“Мен америкалик солиқ тўловчиларга ҳозирги шароитда АҚШ манфаатларига мос келмайдиган ташкилотни молиялаштиришни давом эттиришига қараб туролмайман“, дейди Трамп.
Президент ўз мактубида ЖССТ коронавируснинг турли огоҳлантириш белгиларини эътиборсиз қолдиргани ва ташкилотнинг Хитойга нисбатан позициясини танқид қилган бир қатор айбловларни илгари сурган.
Трампнинг сўзларига кўра, ЖССТ ишончни тиклашнинг ягона йўли “Хитойдан мустақил эканини“ намойиш этишдир.
LiveБарчаси