Трамп жиноий ишнинг барча бандлари бўйича айбдор деб топилди

Олам

image

Кеча, 30 май куни Нью-Йоркдаги ҳакамлар ҳайъати АҚШ тарихида биринчи марта собиқ президент Дональд Трампга қарши очилган жиноий иш бўйича уни айбдор деб топди.

Ўн икки ҳакамлар ҳайъати собиқ президентни собиқ порно юлдуз Сторми Даниэлсга Трампнинг 2016 йилги сайлов кампаниясига таҳдид солган тўловларни яшириш учун бизнес ёзувларини сохталаштиришда айбдор, деб топди.

Трамп барча 34 та банд бўйича айбдор, деб топилди. Ёзувларни қалбакилаштириш бўйича 34 та ҳолатнинг ҳар бири тўрт йилгача — жами 136 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Жазони судья Хуан Мерчан 11 июль куни бўлиб ўтадиган махсус суд мажлисида белгилайди.

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти вакили суд хулосаси эълон қилинганидан кейин Оқ уй “қонун устуворлигини ҳурмат қилиши”ни  айтди. Жо Байденнинг ўзи 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловлари олдидан сайловолди ташвиқоти учун Трампга қарши айблов ҳукмидан фойдаланди.

“Дональд Трампни Овал кабинетдан четлаштиришнинг биргина йўли бор: сайлов қутисида”, деб ёзди Президент Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Дональд Трамп суд залини тарк этгач, журналистларга ҳакамлар ҳайъатининг ҳукми “ниҳоясига етмаганини” айтди.

"Биз курашни давом эттирамиз, охиригача курашамиз ва ғалаба қозонамиз, чунки мамлакатимиз дўзахга айланди", дейди собиқ президент.

Ҳукм эълон қилинганидан кўп ўтмай, Трампнинг адвокати Тодд Бланш ҳакамлар ҳайъати қарори устидан шикоят қилишини айтди.

Маълумот учун, 4 апрель куни Нью-Йоркдаги Манхэттен суди Дональд Трампни бизнес маълумотларини сохталаштириш ва жиноий тил бириктириш бўйича 34 та бандда айблади. Тергов маълумотларига кўра, 2015 йил августидан 2017 йил декабригача Трамп “эълон қилинишига йўл қўймаслик ва сайлов истиқболларига фойда келтириш мақсадида у ҳақидаги салбий маълумотларни аниқлаш ва “сотиб олиш” йўли билан 2016 йилги президентлик сайловларига таъсир кўрсатиш учун бошқалар билан схемани ташкил қилган”. Шу билан бирга, Трамп “бизнес ёзувларига ўнлаб нотўғри ёзувлар киритиш” орқали бу ҳаракатларини яширишга уринган.

Суд жараёни қандай якунланишидан қатъи назар, Дональд Трамп президентликка номзодини қўйиши мумкин. АҚШ Конституциясида давлат раҳбари лавозимига номзод учун фақат учта талаб мавжуд: у камида 35 ёшда бўлиши, АҚШда туғилган ва у ерда камида 14 йил яшаган бўлиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made