Трамп Венесуэла осмони ёпилганини эълон қилди
Олам
−
29 Ноябрь 5959 2 дақиқа
Бугун, 29 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Венесуэла ва унга туташ ҳудудлар устидаги ҳаво маконини тўлиқ ёпилганини эълон қилди. Бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Барча авиакомпаниялар, учувчилар, гиёҳванд моддалар сотувчилари ва одам савдогарлари, илтимос, Венесуэла устидаги ва унинг атрофидаги ҳаво макони тўлиқ ёпилганини инобатга олинг. Ушбу масалага эътибор қаратганингиз учун раҳмат!” деб ёзган у.
Маълумотларга кўра, Испания ва Португалия авиация идоралари ҳам ўз йўловчи авиакомпанияларига яқин кунларда Венесуэла ҳаво маконида парвоз қилмасликни тавсия этган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 23 ноябрь куни “Reuters” америкалик амалдорларга таяниб, АҚШ “яқин кунларда” Венесуэлага қарши операциянинг янги босқичини бошлашга тайёрлиги ҳақида хабар берганди. Ҳудуддаги АҚШ ҳарбий фаоллиги эса жорий йилнинг августидан бери кучайиб бормоқда. Айнан ўша вақтда Трамп Пентагонга Лотин Америкасидаги наркокартелларга қарши куч ишлатишга рухсат берувчи ҳужжатни имзолаган.
Венесуэла ҳам жавоб чораларини кўрмоқда. “Reuters” маълумотига кўра, мамлакат ҳарбийлари партизан урушига тайёрланмоқда, аҳолига қуроллар тарқатилиш бошланган. Каракас Москвадан зенит-ракета мажмуалари етказиб беришни ва ҳарбий техникани таъмирлашни сўраган.
“The Atlantic” маълумотларига кўра, Николас Мадуро унга ва унинг атрофидагиларга амнистия ҳамда мамлакатни хавфсиз тарк этиш кафолатлари берилгани тақдирда истеъфога чиқишга тайёр. “Politico” манбалари эса Вашингтоннинг Мадурони Россия, Туркия, Озарбайжон ёки Кубага кетишига рухсат бериш вариантини ҳам кўриб чиқаётганини, бироқ Оқ уйда уни ҳибсга олиб, АҚШ судига топширишни истовчи гуруҳлар ҳам борлигини билдирган.
Live
Барчаси