Трамп ва Путин ўртасидаги учрашувнинг тахминий манзили айтилди
Олам
−
12 Январь
15534АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида кутилаётган учрашув Швейцарияда бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги вакили Николас Бидо жорий йилнинг 10 январ куни чоп этилган маҳаллий “Le Теmps” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Швейцария АҚШ ва Россия раҳбарларининг саммитини сўраса, уни ўтказишга тайёр.
У Бюргеншток саммитидан бери мамлакат мунтазам равишда Украина, Россия ва Қўшма Штатларни тинчликка ёрдам берадиган ҳар қандай дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлаган.
9 январь куни Трамп Мар-а-Лагодаги мулкида республикачи губернаторлар билан учрашув олдидан Россия Президенти Владимир Путин ўртасида учрашув режалаштирилганини маълум қилганди.
Трамп икки етакчи ўртасидаги мумкин бўлган музокаралар вақтини очиқламади. Трампнинг 20 январь куни Оқ уйга қайтиши Москва 2022 йил февралида Украинага бостириб кириши билан бошланган можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга умид уйғотди. Бироқ Киев тезкор тинчлик келишуви Украинага жуда қимматга тушишидан хавотирда.
Трампнинг маслаҳатчилари урушни тугатиш режаларини таклиф қилди, бу эса яқин келажак учун Украина ҳудудининг муҳим қисмини Россияга самарали тарзда ўтказиш имконини беради.
Россия босқини бошланганидан бери Жо Байден бошчилигидаги Қўшма Штатлар Украинага 175 миллиард доллардан кўпроқ, жумладан, хавфсизлик учун 60 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам кўрсатди. Бироқ урушни тезда тугатишни истаётганини айтган Трамп маъмурияти даврида ёрдам бир хил даражада давом этадими ёки йўқлиги ноаниқлигича қолмоқда.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам ўша куни аввалроқ Путин Трампнинг алоқа ўрнатиш истагини олқишлаганини, бироқ ҳозирча Кремлга ҳеч қандай расмий сўров юборилмаганини айтди. Песковнинг сўзларига кўра, Трамп лавозимга киришгунча кутиш тўғрироқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп билан олдиндан ҳеч қандай шартларсиз учрашишга тайёрлигини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Эрдўған Тотлисас билан қўшиқ куйлади.
12 Январь
Индонезияда Ибу вулқони ҳаракатга келди.
12 Январь